quranm◉

Hizb 25

Range
from 12:77 to 13:34
Surahs covered
Tarjima
69 Tarjima

◉

12:77

قَالُوٓاْ إِن يَسۡرِقۡ فَقَدۡ سَرَقَ أَخٞ لَّهُۥ مِن قَبۡلُۚ فَأَسَرَّهَا يُوسُفُ فِي نَفۡسِهِۦ وَلَمۡ يُبۡدِهَا لَهُمۡۚ قَالَ أَنتُمۡ شَرّٞ مَّكَانٗاۖ وَٱللَّهُ أَعۡلَمُ بِمَا تَصِفُونَ ﴿77﴾

Улар: «Агар бу (Бинямин) ўғрилик қилган бўлса (эҳтимол, чунки) илгари унинг биродари (Юсуф) ҳам ўғрилик қилган эди», дедилар. Бас, Юсуф бу гапни ичига солиб, уларга билдирмади. Ва: (ўзича) «Сизлар энг ёмон-тубан мартабададирсизлар (яъни, бир вақтлар ўғилни отадан ўғирлаб кетгансизлар). Аллоҳ сизларнинг тўқиб чиқараётган гапларингизни жуда яхши билгувчидир», деди.

12:78

قَالُواْ يَـٰٓأَيُّهَا ٱلۡعَزِيزُ إِنَّ لَهُۥٓ أَبٗا شَيۡخٗا كَبِيرٗا فَخُذۡ أَحَدَنَا مَكَانَهُۥٓۖ إِنَّا نَرَىٰكَ مِنَ ٱلۡمُحۡسِنِينَ ﴿78﴾

Сўнг улар дедилар: «Эй улуғ зот, унинг бир кекса отаси бор. Сен унинг (Биняминнинг) ўрнига бизлардан биримизни олиб қолгин. Зотан бизлар сенинг чиройли амалларни қилгувчи зотлардан эканлигингни кўрмоқдамиз».

12:79

قَالَ مَعَاذَ ٱللَّهِ أَن نَّأۡخُذَ إِلَّا مَن وَجَدۡنَا مَتَٰعَنَا عِندَهُۥٓ إِنَّآ إِذٗا لَّظَٰلِمُونَ ﴿79﴾

(Юсуф) айтди: «Нарсамизни идишидан топиб олган кимсадан ўзгани олиб қолишдан Аллоҳ сақласин. Акс ҳолда шак-шубҳасиз, золим кимсалардан бўлиб қолурмиз».

12:80

فَلَمَّا ٱسۡتَيۡـَٔسُواْ مِنۡهُ خَلَصُواْ نَجِيّٗاۖ قَالَ كَبِيرُهُمۡ أَلَمۡ تَعۡلَمُوٓاْ أَنَّ أَبَاكُمۡ قَدۡ أَخَذَ عَلَيۡكُم مَّوۡثِقٗا مِّنَ ٱللَّهِ وَمِن قَبۡلُ مَا فَرَّطتُمۡ فِي يُوسُفَۖ فَلَنۡ أَبۡرَحَ ٱلۡأَرۡضَ حَتَّىٰ يَأۡذَنَ لِيٓ أَبِيٓ أَوۡ يَحۡكُمَ ٱللَّهُ لِيۖ وَهُوَ خَيۡرُ ٱلۡحَٰكِمِينَ ﴿80﴾

Энди қачонки ундан умидлари узилгач, (оға-инилар) бир четга чиқиб хуфёна маслаҳатлашдилар. Уларнинг катталари айтди: «Оталарингиз сизларнинг устингизда Аллоҳдан васиқа (яъни, аҳд-паймонингизни) олиб қолганини унутдингизми?! Илгари Юсуф тўғрисида ҳам шундай сусткашлик қилган эдинглар. Бас, то отам менга изн бермагунича ёки Аллоҳ менинг фойдамга ҳукм қилмагунича (яъни, инимиз озод бўлмагунича) мана шу ердан ҳаргиз жилмайман. У зот (Аллоҳ) ҳукм қилгувчиларнинг яхшироғидир».

12:81

ٱرۡجِعُوٓاْ إِلَىٰٓ أَبِيكُمۡ فَقُولُواْ يَـٰٓأَبَانَآ إِنَّ ٱبۡنَكَ سَرَقَ وَمَا شَهِدۡنَآ إِلَّا بِمَا عَلِمۡنَا وَمَا كُنَّا لِلۡغَيۡبِ حَٰفِظِينَ ﴿81﴾

«Сизлар оталарингиз олдига қайтиб, айтинглар: «Эй ота, дарҳақиқат, ўғлинг ўғрилик қилди. Бизлар фақат кўрган-билган нарсамизга гувоҳлик бермоқдамиз. (Олдин сенга уни асрашни ваъда қилганимизда) ғайбни (яъни, келажакда нима ишлар бўлишини) билмаган эдик.

12:82

وَسۡـَٔلِ ٱلۡقَرۡيَةَ ٱلَّتِي كُنَّا فِيهَا وَٱلۡعِيرَ ٱلَّتِيٓ أَقۡبَلۡنَا فِيهَاۖ وَإِنَّا لَصَٰدِقُونَ ﴿82﴾

Биз бўлиб қайтган шаҳардан ва биз бирга кетган карвондан сўраб-суриштиргин. Албатта, бизлар рост сўзлагувчилармиз».

12:83

قَالَ بَلۡ سَوَّلَتۡ لَكُمۡ أَنفُسُكُمۡ أَمۡرٗاۖ فَصَبۡرٞ جَمِيلٌۖ عَسَى ٱللَّهُ أَن يَأۡتِيَنِي بِهِمۡ جَمِيعًاۚ إِنَّهُۥ هُوَ ٱلۡعَلِيمُ ٱلۡحَكِيمُ ﴿83﴾

(Улар Яъқуб алайҳиссаломнинг олдиларига келиб шу сўзларни айтишгач), у деди: «Йўқ! Сизларга ҳавойи-нафсингиз бирон (ёмон) ишни чиройли қилиб кўрсатган. Энди (менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир. Шоядки, Аллоҳ уларнинг (яъни, Юсуф, Бинямин ва катта ўғлимнинг) барчаларини бағримга қайтарса. Албатта, У зот билим ва ҳикмат Соҳибидир».

12:84

وَتَوَلَّىٰ عَنۡهُمۡ وَقَالَ يَـٰٓأَسَفَىٰ عَلَىٰ يُوسُفَ وَٱبۡيَضَّتۡ عَيۡنَاهُ مِنَ ٱلۡحُزۡنِ فَهُوَ كَظِيمٞ ﴿84﴾

Кейин улардан юз ўгириб, деди: «Эй бечора Юсуф-а!» Ғам-алам ютавериб у зотнинг кўзлари оқарди (ожиз бўлиб қолди).

12:85

قَالُواْ تَٱللَّهِ تَفۡتَؤُاْ تَذۡكُرُ يُوسُفَ حَتَّىٰ تَكُونَ حَرَضًا أَوۡ تَكُونَ مِنَ ٱلۡهَٰلِكِينَ ﴿85﴾

(Шунда ўғиллари): «Аллоҳ номига қасамки, сен то рамақижон бўлиб қолгунингча ё бир йўла ҳалок бўлгунингча Юсуфни эслайверадиган бўлдинг», дедилар.

12:86

قَالَ إِنَّمَآ أَشۡكُواْ بَثِّي وَحُزۡنِيٓ إِلَى ٱللَّهِ وَأَعۡلَمُ مِنَ ٱللَّهِ مَا لَا تَعۡلَمُونَ ﴿86﴾

У айтди: «Мен ғаму ташвишларимдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қилиб йиғламоқдаман ва мен Аллоҳнинг (меҳрибон, раҳмли эканлиги ҳақида) сизлар билмайдиган нарсаларни билурман».

12:87

يَٰبَنِيَّ ٱذۡهَبُواْ فَتَحَسَّسُواْ مِن يُوسُفَ وَأَخِيهِ وَلَا تَاْيۡـَٔسُواْ مِن رَّوۡحِ ٱللَّهِۖ إِنَّهُۥ لَا يَاْيۡـَٔسُ مِن رَّوۡحِ ٱللَّهِ إِلَّا ٱلۡقَوۡمُ ٱلۡكَٰفِرُونَ ﴿87﴾

«Эй ўғилларим, боринглар, Юсуф ва унинг биродарини изланглар ва Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур».

12:88

فَلَمَّا دَخَلُواْ عَلَيۡهِ قَالُواْ يَـٰٓأَيُّهَا ٱلۡعَزِيزُ مَسَّنَا وَأَهۡلَنَا ٱلضُّرُّ وَجِئۡنَا بِبِضَٰعَةٖ مُّزۡجَىٰةٖ فَأَوۡفِ لَنَا ٱلۡكَيۡلَ وَتَصَدَّقۡ عَلَيۡنَآۖ إِنَّ ٱللَّهَ يَجۡزِي ٱلۡمُتَصَدِّقِينَ ﴿88﴾

(Улар оталаридан бу сўзларни эшитгач, озиқ-овқатга алмаштириш учун бор бисотларини олишиб, яна Миср томонга равона бўлишди). Энди қачонки (Мисрга етиб келиб Юсуфнинг) ҳузурига киришгач, дедилар: «Эй улуғ зот, бизни ва аҳли оилаларимизни очарчилик ушлади. Бизлар бу сафар ҳузурингга ўтмас молларни олиб келдик. Бизларга етарли ўлчовда (озиқ-овқат) бергин ва бизларга хайр-садақа қилгин. Аллоҳ, шак-шубҳасиз, (сендек) садақа бергувчи зотларга мукофотлар ато этур».

12:89

قَالَ هَلۡ عَلِمۡتُم مَّا فَعَلۡتُم بِيُوسُفَ وَأَخِيهِ إِذۡ أَنتُمۡ جَٰهِلُونَ ﴿89﴾

(Юсуф оға-иниларини бундай забун ҳолатда кўргач тоқат қила олмасдан) деди: «Ёш-нодон бўлган пайтингизда Юсуф ва унинг биродарига нима ишлар қилганларингизни эслайсизлар-ми?»

12:90

قَالُوٓاْ أَءِنَّكَ لَأَنتَ يُوسُفُۖ قَالَ أَنَا۠ يُوسُفُ وَهَٰذَآ أَخِيۖ قَدۡ مَنَّ ٱللَّهُ عَلَيۡنَآۖ إِنَّهُۥ مَن يَتَّقِ وَيَصۡبِرۡ فَإِنَّ ٱللَّهَ لَا يُضِيعُ أَجۡرَ ٱلۡمُحۡسِنِينَ ﴿90﴾

Улар: «Сен Юсуфмисан?», деб сўрадилар. «Ҳа, мен Юсуфман, бу эса биродаримдир. Аллоҳ бизга марҳамат кўргузди (яъни, шунча йиллик айрилиқ азобидан кейин бизни яна бирлаштирди). Дарҳақиқат, кимда-ким Аллоҳдан қўрқиб, сабру қаноат қилса, албатта Аллоҳ бундай чиройли амалларни қилгувчи кишиларнинг ажру мукофотини зое қилмас», деди у.

12:91

قَالُواْ تَٱللَّهِ لَقَدۡ ءَاثَرَكَ ٱللَّهُ عَلَيۡنَا وَإِن كُنَّا لَخَٰطِـِٔينَ ﴿91﴾

Улар дедилар: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сени бизлардан афзал қилмишдир. Бизлар эса, шак-шубҳасиз, адашгувчилардан бўлдик».

12:92

قَالَ لَا تَثۡرِيبَ عَلَيۡكُمُ ٱلۡيَوۡمَۖ يَغۡفِرُ ٱللَّهُ لَكُمۡۖ وَهُوَ أَرۡحَمُ ٱلرَّـٰحِمِينَ ﴿92﴾

У деди: «Бу кун сизлар айбланмайсиз. Аллоҳ сизларни мағфират қилгай. У зот раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғидир».

12:93

ٱذۡهَبُواْ بِقَمِيصِي هَٰذَا فَأَلۡقُوهُ عَلَىٰ وَجۡهِ أَبِي يَأۡتِ بَصِيرٗا وَأۡتُونِي بِأَهۡلِكُمۡ أَجۡمَعِينَ ﴿93﴾

«Сизлар мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташласангиз, унинг кўзлари очилур. Сўнг барча аҳли оилаларингиз билан бирга менинг олдимга келинглар».

12:94

وَلَمَّا فَصَلَتِ ٱلۡعِيرُ قَالَ أَبُوهُمۡ إِنِّي لَأَجِدُ رِيحَ يُوسُفَۖ لَوۡلَآ أَن تُفَنِّدُونِ ﴿94﴾

Карвон (Мисрдан) чиқиши биланоқ оталари (Яъқуб алайҳиссалом ўз уйларида туриб, ҳузуридаги кишиларга): «Мен Юсуфнинг бўйини туймоқдаман. Агар мени ақлдан озган демасангизлар (Юсуф тирик, деган бўлур эдим)», деди.

12:95

قَالُواْ تَٱللَّهِ إِنَّكَ لَفِي ضَلَٰلِكَ ٱلۡقَدِيمِ ﴿95﴾

(Улар) айтдилар: «Аллоҳга қасамки, сен (ҳали ҳам) ўша эски хатоингда турибсан».

12:96

فَلَمَّآ أَن جَآءَ ٱلۡبَشِيرُ أَلۡقَىٰهُ عَلَىٰ وَجۡهِهِۦ فَٱرۡتَدَّ بَصِيرٗاۖ قَالَ أَلَمۡ أَقُل لَّكُمۡ إِنِّيٓ أَعۡلَمُ مِنَ ٱللَّهِ مَا لَا تَعۡلَمُونَ ﴿96﴾

Энди қачонки хушхабарчи келиб, уни (яъни, Юсуфнинг кўйлагини Яъқубнинг) юзига ташлагач, унинг кўзлари очилди. «Сизларга мен Аллоҳнинг (меҳрибон, раҳмли эканлиги ҳақида) сизлар билмайдиган нарсаларни билурман, демаганмидим», деди у.

12:97

قَالُواْ يَـٰٓأَبَانَا ٱسۡتَغۡفِرۡ لَنَا ذُنُوبَنَآ إِنَّا كُنَّا خَٰطِـِٔينَ ﴿97﴾

Улар дедилар: «Эй ота, (Аллоҳдан) бизларнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини сўрагин. Албатта, бизлар хато қилгувчилардан бўлдик».

12:98

قَالَ سَوۡفَ أَسۡتَغۡفِرُ لَكُمۡ رَبِّيٓۖ إِنَّهُۥ هُوَ ٱلۡغَفُورُ ٱلرَّحِيمُ ﴿98﴾

У айтди: «Албатта, Парвардигоримдан сизларни мағфират қилмоғини сўрайман. Зотан ёлғиз У зотгина мағфират қилгувчи, меҳрибондир».

12:99

فَلَمَّا دَخَلُواْ عَلَىٰ يُوسُفَ ءَاوَىٰٓ إِلَيۡهِ أَبَوَيۡهِ وَقَالَ ٱدۡخُلُواْ مِصۡرَ إِن شَآءَ ٱللَّهُ ءَامِنِينَ ﴿99﴾

Энди қачонки (манзилга етиб келишиб) Юсуфнинг ҳузурига (чодирига) кирганларида, у ўзини ота-онасининг қучоғига отди ва «Иншооллоҳ, Мисрга тинч-омон киринглар», деди.

12:100

وَرَفَعَ أَبَوَيۡهِ عَلَى ٱلۡعَرۡشِ وَخَرُّواْ لَهُۥ سُجَّدٗاۖ وَقَالَ يَـٰٓأَبَتِ هَٰذَا تَأۡوِيلُ رُءۡيَٰيَ مِن قَبۡلُ قَدۡ جَعَلَهَا رَبِّي حَقّٗاۖ وَقَدۡ أَحۡسَنَ بِيٓ إِذۡ أَخۡرَجَنِي مِنَ ٱلسِّجۡنِ وَجَآءَ بِكُم مِّنَ ٱلۡبَدۡوِ مِنۢ بَعۡدِ أَن نَّزَغَ ٱلشَّيۡطَٰنُ بَيۡنِي وَبَيۡنَ إِخۡوَتِيٓۚ إِنَّ رَبِّي لَطِيفٞ لِّمَا يَشَآءُۚ إِنَّهُۥ هُوَ ٱلۡعَلِيمُ ٱلۡحَكِيمُ ﴿100﴾

(Кейин, Мисрга кириб Юсуфнинг саройига келганларидан сўнг) у ота-онасини ўзининг тахтига чиқарди ва улар (яъни, ота-она ва оға-инилари Юсуфга) сажда қилган ҳолларида йиқилдилар. У деди: «Эй отажон, мана шу (қирқ йил) илгари кўрган тушимнинг таъбиридир. Парвардигорим уни рост қилди. Дарҳақиқат, У зот менга (буюк) инъом қилди — мени зиндондан чиқарди, шайтон мен билан оға-иниларим орасини бузиб иғво қилганидан кейин, мана сизларни чўлу саҳродан (Мисрга эсон-омон ҳолингизда) келтирди. Албатта, Парвардигорим Ўзи хоҳлаган нарсани сездирмай амалга оширгувчи Зотдир. Албатта, Унинг Ўзигина билим ва ҳикмат Соҳибидир».

12:101

رَبِّ قَدۡ ءَاتَيۡتَنِي مِنَ ٱلۡمُلۡكِ وَعَلَّمۡتَنِي مِن تَأۡوِيلِ ٱلۡأَحَادِيثِۚ فَاطِرَ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِ أَنتَ وَلِيِّۦ فِي ٱلدُّنۡيَا وَٱلۡأٓخِرَةِۖ تَوَفَّنِي مُسۡلِمٗا وَأَلۡحِقۡنِي بِٱلصَّـٰلِحِينَ ﴿101﴾

«Парвардигорим, менга подшоҳликни ато этдинг, яна (барча) тушларнинг таъвил-таъбирларидан таълим бердинг. Эй осмонлар ва Ерни яратган Зот, дунёю Охиратда Ўзинг Хожамдирсан. (Умрим битиб, сен Ўзинг белгилаб қўйган ажалим етганида) мусулмон ҳолимда жонимни олгин ва мени ҳам солиҳ бандаларинг қаторига қўшгин».

12:102

ذَٰلِكَ مِنۡ أَنۢبَآءِ ٱلۡغَيۡبِ نُوحِيهِ إِلَيۡكَۖ وَمَا كُنتَ لَدَيۡهِمۡ إِذۡ أَجۡمَعُوٓاْ أَمۡرَهُمۡ وَهُمۡ يَمۡكُرُونَ ﴿102﴾

(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), бу Биз сизга ваҳий қилаётган ғайб хабарларидандир. (Чунки сиз Юсуфнинг оға-инилари) макр-ҳийла билан ўзларининг режаларини тузиб иттифоқ қилишаётган пайтларида уларнинг ёнларида ҳозир эмасдингиз.

12:103

وَمَآ أَكۡثَرُ ٱلنَّاسِ وَلَوۡ حَرَصۡتَ بِمُؤۡمِنِينَ ﴿103﴾

Гарчи сиз (барча одамларнинг иймон келтиришларини) жуда истасангиз-да, одамларнинг кўплари мўмин бўлмайдилар.

12:104

وَمَا تَسۡـَٔلُهُمۡ عَلَيۡهِ مِنۡ أَجۡرٍۚ إِنۡ هُوَ إِلَّا ذِكۡرٞ لِّلۡعَٰلَمِينَ ﴿104﴾

Сиз улардан бу (даъватингиз) учун бирон ажр-ҳақ сўрамайсиз. Бу (Қуръон) фақатгина барча оламлар учун бир эслатмадир, холос.

12:105

وَكَأَيِّن مِّنۡ ءَايَةٖ فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِ يَمُرُّونَ عَلَيۡهَا وَهُمۡ عَنۡهَا مُعۡرِضُونَ ﴿105﴾

Осмонлар ва Ерда (Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига далолат қилгувчи) қанчадан-қанча оят-аломатлар бордир. (Лекин) улар бу оятлардан юз ўгирган ҳолларида ўтиб кетаверадилар.

12:106

وَمَا يُؤۡمِنُ أَكۡثَرُهُم بِٱللَّهِ إِلَّا وَهُم مُّشۡرِكُونَ ﴿106﴾

Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар.

12:107

أَفَأَمِنُوٓاْ أَن تَأۡتِيَهُمۡ غَٰشِيَةٞ مِّنۡ عَذَابِ ٱللَّهِ أَوۡ تَأۡتِيَهُمُ ٱلسَّاعَةُ بَغۡتَةٗ وَهُمۡ لَا يَشۡعُرُونَ ﴿107﴾

Ёки улар Аллоҳнинг азобидан бирон бало-офат келиб қолишидан ё тўсатдан улар сезмаган ҳолларида Қиёмат қойим бўлишидан хотиржаммилар?!

12:108

قُلۡ هَٰذِهِۦ سَبِيلِيٓ أَدۡعُوٓاْ إِلَى ٱللَّهِۚ عَلَىٰ بَصِيرَةٍ أَنَا۠ وَمَنِ ٱتَّبَعَنِيۖ وَسُبۡحَٰنَ ٱللَّهِ وَمَآ أَنَا۠ مِنَ ٱلۡمُشۡرِكِينَ ﴿108﴾

Айтинг: «Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга — ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни поклайман. (Зеро) мен мушриклардан эмасман».

12:109

وَمَآ أَرۡسَلۡنَا مِن قَبۡلِكَ إِلَّا رِجَالٗا نُّوحِيٓ إِلَيۡهِم مِّنۡ أَهۡلِ ٱلۡقُرَىٰٓۗ أَفَلَمۡ يَسِيرُواْ فِي ٱلۡأَرۡضِ فَيَنظُرُواْ كَيۡفَ كَانَ عَٰقِبَةُ ٱلَّذِينَ مِن قَبۡلِهِمۡۗ وَلَدَارُ ٱلۡأٓخِرَةِ خَيۡرٞ لِّلَّذِينَ ٱتَّقَوۡاْۚ أَفَلَا تَعۡقِلُونَ ﴿109﴾

(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сиздан илгари ҳам фақат шаҳар аҳлларидан бўлган (фаришталарни эмас) кишиларни пайғамбар қилиб, уларга ваҳий юборганмиз. Ахир (одамлар) Ер юзида сайру-саёҳат этишиб, ўзларидан аввалги (иймонсиз) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими? (Аллоҳдан) қўрққан зотлар учун, Охират диёри (бу фоний дунёдан) яхшироқдир. Ақл юргизмайсизларми?!

12:110

حَتَّىٰٓ إِذَا ٱسۡتَيۡـَٔسَ ٱلرُّسُلُ وَظَنُّوٓاْ أَنَّهُمۡ قَدۡ كُذِبُواْ جَآءَهُمۡ نَصۡرُنَا فَنُجِّيَ مَن نَّشَآءُۖ وَلَا يُرَدُّ بَأۡسُنَا عَنِ ٱلۡقَوۡمِ ٱلۡمُجۡرِمِينَ ﴿110﴾

Ҳар қачон пайғамбарларимиз ноумид бўлиб: «Бизлар ёлғончи қилиндик — пайғамбар эканлигимизга ишонмадилар», деб ўйлай бошлаганларида, уларга Бизнинг мададимиз — ғалабамиз келиб, Биз ҳоҳлаган кишиларга нажот берилар эди. (Аммо) жиноятчи бўлган қавмдан бизнинг азобимиз қайтарилмас!

12:111

لَقَدۡ كَانَ فِي قَصَصِهِمۡ عِبۡرَةٞ لِّأُوْلِي ٱلۡأَلۡبَٰبِۗ مَا كَانَ حَدِيثٗا يُفۡتَرَىٰ وَلَٰكِن تَصۡدِيقَ ٱلَّذِي بَيۡنَ يَدَيۡهِ وَتَفۡصِيلَ كُلِّ شَيۡءٖ وَهُدٗى وَرَحۡمَةٗ لِّقَوۡمٖ يُؤۡمِنُونَ ﴿111﴾

Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган сўз эмас, балки ўзидан аввалги нарсаларни (яъни, самовий китобларни) тасдиқ этувчи, унга иймон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (бўлган бир Китобдир).

13:1

الٓمٓرۚ تِلۡكَ ءَايَٰتُ ٱلۡكِتَٰبِۗ وَٱلَّذِيٓ أُنزِلَ إِلَيۡكَ مِن رَّبِّكَ ٱلۡحَقُّ وَلَٰكِنَّ أَكۡثَرَ ٱلنَّاسِ لَا يُؤۡمِنُونَ ﴿1﴾

Алиф, Лом, Мим, Ро. Ушбу (оятлар) Китоб (Қуръон) оятларидир. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизга нозил қилинган бу нарса (яъни, Қуръон айни) ҳақиқатдир, лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмайдилар.

13:2

ٱللَّهُ ٱلَّذِي رَفَعَ ٱلسَّمَٰوَٰتِ بِغَيۡرِ عَمَدٖ تَرَوۡنَهَاۖ ثُمَّ ٱسۡتَوَىٰ عَلَى ٱلۡعَرۡشِۖ وَسَخَّرَ ٱلشَّمۡسَ وَٱلۡقَمَرَۖ كُلّٞ يَجۡرِي لِأَجَلٖ مُّسَمّٗىۚ يُدَبِّرُ ٱلۡأَمۡرَ يُفَصِّلُ ٱلۡأٓيَٰتِ لَعَلَّكُم بِلِقَآءِ رَبِّكُمۡ تُوقِنُونَ ﴿2﴾

Аллоҳ осмонларни сизлар кўргудек устунларсиз кўтариб қўйган, сўнгра (Зоти ва Улуғлигига лойиқ тарзда) Аршга юксалиб, қуёш ва ойни (Ўз амрига) бўйсундирган Зотдир. Уларнинг ҳар бири муайян муддатгача (яъни, Қиёмат қойим бўлгунича) сайр қилаверар. (Аллоҳ) барча ишнинг тадбирини қилур ва сизлар (Қиёмат Кунида унга) Парвардигорингизга рўбарў бўлишга иймон келтиришингиз учун Ўз оятларини муфассал баён қилур.

13:3

وَهُوَ ٱلَّذِي مَدَّ ٱلۡأَرۡضَ وَجَعَلَ فِيهَا رَوَٰسِيَ وَأَنۡهَٰرٗاۖ وَمِن كُلِّ ٱلثَّمَرَٰتِ جَعَلَ فِيهَا زَوۡجَيۡنِ ٱثۡنَيۡنِۖ يُغۡشِي ٱلَّيۡلَ ٱلنَّهَارَۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَأٓيَٰتٖ لِّقَوۡمٖ يَتَفَكَّرُونَ ﴿3﴾

У Ерни ёйиқ қилиб яратиб, унда тоғлар ва дарёлар пайдо қилган Зотдир. У Ердаги ҳар мевани иккитадан — жуфт-жуфт (яъни, эркак-урғочи) қилиб яратди. У кечани кундуз устига ёяр (яъни, кеча-кундуз ҳам бир-бирларининг жуфтларидир). Албатта, бу (мисоллар)да тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир.

13:4

وَفِي ٱلۡأَرۡضِ قِطَعٞ مُّتَجَٰوِرَٰتٞ وَجَنَّـٰتٞ مِّنۡ أَعۡنَٰبٖ وَزَرۡعٞ وَنَخِيلٞ صِنۡوَانٞ وَغَيۡرُ صِنۡوَانٖ يُسۡقَىٰ بِمَآءٖ وَٰحِدٖ وَنُفَضِّلُ بَعۡضَهَا عَلَىٰ بَعۡضٖ فِي ٱلۡأُكُلِۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَأٓيَٰتٖ لِّقَوۡمٖ يَعۡقِلُونَ ﴿4﴾

Бу Ерда бир-бирига қўшни бўлган бўлак-бўлак (яъни, бири унумдор бўлса, бири шўр) ерлар, узумзор боғлар, экинзорлар ва шохлаб кетган-шохламаган хурмолар бўлиб, (уларнинг ҳаммаси ҳам) бир сув билан суғорилур. (Лекин) Биз уларнинг айримларидан айримларини таъмлироқ-ейишлироқ қилиб қўюрмиз. Албатта, бунда ҳам ақл юргизадиган қавм учун оят-ибратлар бордир.

13:5

وَإِن تَعۡجَبۡ فَعَجَبٞ قَوۡلُهُمۡ أَءِذَا كُنَّا تُرَٰبًا أَءِنَّا لَفِي خَلۡقٖ جَدِيدٍۗ أُوْلَـٰٓئِكَ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ بِرَبِّهِمۡۖ وَأُوْلَـٰٓئِكَ ٱلۡأَغۡلَٰلُ فِيٓ أَعۡنَاقِهِمۡۖ وَأُوْلَـٰٓئِكَ أَصۡحَٰبُ ٱلنَّارِۖ هُمۡ فِيهَا خَٰلِدُونَ ﴿5﴾

(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), агар (бирон нарсадан) ажаблансангиз, у ҳолда уларнинг (кофирларнинг): «Тупроқ бўлиб кетгач, бизлар яна янгитдан яратиламизми?», деган гаплари ажабланарлидир. Улар Парвардигорларига кофир бўлган кимсалардир. (Қиёмат Кунида) уларнинг бўйинларида кишанлар бўлур. Улар дўзах эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолурлар.

13:6

وَيَسۡتَعۡجِلُونَكَ بِٱلسَّيِّئَةِ قَبۡلَ ٱلۡحَسَنَةِ وَقَدۡ خَلَتۡ مِن قَبۡلِهِمُ ٱلۡمَثُلَٰتُۗ وَإِنَّ رَبَّكَ لَذُو مَغۡفِرَةٖ لِّلنَّاسِ عَلَىٰ ظُلۡمِهِمۡۖ وَإِنَّ رَبَّكَ لَشَدِيدُ ٱلۡعِقَابِ ﴿6﴾

Улар сиздан яхшилик — Аллоҳнинг раҳматидан аввал ёмонлик — Аллоҳнинг азоби келишини талаб қиладилар. Улардан илгари ҳам бундай мисоллар (Аллоҳнинг азобига дучор бўлганлар) ўтгандир. Албатта, Парвардигорингиз одамлар ўзларига зулм қилгувчи бўлган ҳолларида ҳам мағфират Эгасидир. Албатта, Парвардигорингиз азоби қаттиқ Зотдир.

13:7

وَيَقُولُ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ لَوۡلَآ أُنزِلَ عَلَيۡهِ ءَايَةٞ مِّن رَّبِّهِۦٓۗ إِنَّمَآ أَنتَ مُنذِرٞۖ وَلِكُلِّ قَوۡمٍ هَادٍ ﴿7﴾

Кофир бўлган кимсалар: «Унга (Муҳаммадга) Парвардигори томонидан бирон оят-мўъжиза нозил қилинса эди», дейдилар. Сиз фақат (кофирларни Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиргувчидирсиз. Ҳар бир қавм учун (Аллоҳ йўлига) етакловчи — ҳидоят қилгувчи бордир.

13:8

ٱللَّهُ يَعۡلَمُ مَا تَحۡمِلُ كُلُّ أُنثَىٰ وَمَا تَغِيضُ ٱلۡأَرۡحَامُ وَمَا تَزۡدَادُۚ وَكُلُّ شَيۡءٍ عِندَهُۥ بِمِقۡدَارٍ ﴿8﴾

Фақат Аллоҳгина ҳар бир аёлнинг кўтариб юрган ҳомиласини (ўғилми-қизми, расоми-норасоми, чиройлими-хунукми эканини) ҳам, бачадонлар (муддатидан илгари) ташлайдиган болани ҳам, (тўққиз ойдан) ортиқроқ туриб қоладиган болани ҳам билур. У Зот даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир.

13:9

عَٰلِمُ ٱلۡغَيۡبِ وَٱلشَّهَٰدَةِ ٱلۡكَبِيرُ ٱلۡمُتَعَالِ ﴿9﴾

У ғайбу шаҳодатни (яъни, махфий ва ошкора барча нарсани) билгувчи буюк ва юксак Зотдир.

13:10

سَوَآءٞ مِّنكُم مَّنۡ أَسَرَّ ٱلۡقَوۡلَ وَمَن جَهَرَ بِهِۦ وَمَنۡ هُوَ مُسۡتَخۡفِۭ بِٱلَّيۡلِ وَسَارِبُۢ بِٱلنَّهَارِ ﴿10﴾

Сизларнинг орангиздаги ўз гапини яширган киши ҳам, уни ошкора қилган киши ҳам, кеча қоронғусида яширинувчи ҳам, кундузи очиқ-ошкора юрувчи ҳам (У зот учун) баробардир.

13:11

لَهُۥ مُعَقِّبَٰتٞ مِّنۢ بَيۡنِ يَدَيۡهِ وَمِنۡ خَلۡفِهِۦ يَحۡفَظُونَهُۥ مِنۡ أَمۡرِ ٱللَّهِۗ إِنَّ ٱللَّهَ لَا يُغَيِّرُ مَا بِقَوۡمٍ حَتَّىٰ يُغَيِّرُواْ مَا بِأَنفُسِهِمۡۗ وَإِذَآ أَرَادَ ٱللَّهُ بِقَوۡمٖ سُوٓءٗا فَلَا مَرَدَّ لَهُۥۚ وَمَا لَهُم مِّن دُونِهِۦ مِن وَالٍ ﴿11﴾

Унинг (яъни, ҳар инсоннинг) олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилгувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар. Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас. Қачон Аллоҳ бирон қавмга ёмонлик — бало юборишни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмас. Ва улар учун Ундан ўзга ҳоким йўқдир.

13:12

هُوَ ٱلَّذِي يُرِيكُمُ ٱلۡبَرۡقَ خَوۡفٗا وَطَمَعٗا وَيُنشِئُ ٱلسَّحَابَ ٱلثِّقَالَ ﴿12﴾

(Эй одамлар, Аллоҳ) сизларга (момақалдироқдан) қўрққан ва (ёмғир ёғишидан) умидвор бўлган ҳолингизда чақмоқни кўргизадиган ва вазмин булутларни пайдо қиладиган Зотдир.

13:13

وَيُسَبِّحُ ٱلرَّعۡدُ بِحَمۡدِهِۦ وَٱلۡمَلَـٰٓئِكَةُ مِنۡ خِيفَتِهِۦ وَيُرۡسِلُ ٱلصَّوَٰعِقَ فَيُصِيبُ بِهَا مَن يَشَآءُ وَهُمۡ يُجَٰدِلُونَ فِي ٱللَّهِ وَهُوَ شَدِيدُ ٱلۡمِحَالِ ﴿13﴾

Момақалдироқ ҳам У зотга (Аллоҳга) ҳамду сано билан тасбеҳ айтур. Фаришталар ҳам У зотдан қўрққанлари сабабли (тасбеҳ айтурлар). У зот чақмоқлар юбориб, улар билан Ўзи хоҳлаган кимсаларни — у кимсалар Аллоҳ хусусида талашиб-тортишиб турган ҳолларида, урар. У (ушлаган вақтида) қаттиқ ушловчи Зотдир.

13:14

لَهُۥ دَعۡوَةُ ٱلۡحَقِّۚ وَٱلَّذِينَ يَدۡعُونَ مِن دُونِهِۦ لَا يَسۡتَجِيبُونَ لَهُم بِشَيۡءٍ إِلَّا كَبَٰسِطِ كَفَّيۡهِ إِلَى ٱلۡمَآءِ لِيَبۡلُغَ فَاهُ وَمَا هُوَ بِبَٰلِغِهِۦۚ وَمَا دُعَآءُ ٱلۡكَٰفِرِينَ إِلَّا فِي ضَلَٰلٖ ﴿14﴾

Ҳақиқий дуо-илтижо фақат Унга қилинур. Ундан ўзга (мушриклар) дуо-илтижо қилаётган бутлар у мушрикларнинг биронта дуосини мустажоб қилмас. Илло улар бир кимсага ўхшайдиларки, у кимса кафтларини сувга ёзиб, у сув оғзига етишини кутиб турар. Ҳолбуки, у (сув) унинг оғзига етгувчи эмасдир. (Яъни, худди сув жонсиз нарса бўлгани туфайли ташна кишининг ҳолидан бехабар бўлиши, бинобарин, унинг оғзига бориб етмагани каби у мушриклар дуо-илтижо қиладиган бутлари ҳам жонсиз нарса бўлганлари сабабли уларнинг дуоларини эшитмас — мустажоб қилмас.) Бундай кофирларнинг дуолари мутлақо хато — бефойдадир.

13:15

وَلِلَّهِۤ يَسۡجُدُۤ مَن فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِ طَوۡعٗا وَكَرۡهٗا وَظِلَٰلُهُم بِٱلۡغُدُوِّ وَٱلۡأٓصَالِ۩ ﴿15﴾

Осмонлар ва Ердаги барча жонзот ва уларнинг соялари хоҳ истасинлар, хоҳ истамасинлар, эрта-ю кеч фақат Аллоҳгагина сажда қиладилар — бўйсунадилар.

13:16

قُلۡ مَن رَّبُّ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِ قُلِ ٱللَّهُۚ قُلۡ أَفَٱتَّخَذۡتُم مِّن دُونِهِۦٓ أَوۡلِيَآءَ لَا يَمۡلِكُونَ لِأَنفُسِهِمۡ نَفۡعٗا وَلَا ضَرّٗاۚ قُلۡ هَلۡ يَسۡتَوِي ٱلۡأَعۡمَىٰ وَٱلۡبَصِيرُ أَمۡ هَلۡ تَسۡتَوِي ٱلظُّلُمَٰتُ وَٱلنُّورُۗ أَمۡ جَعَلُواْ لِلَّهِ شُرَكَآءَ خَلَقُواْ كَخَلۡقِهِۦ فَتَشَٰبَهَ ٱلۡخَلۡقُ عَلَيۡهِمۡۚ قُلِ ٱللَّهُ خَٰلِقُ كُلِّ شَيۡءٖ وَهُوَ ٱلۡوَٰحِدُ ٱلۡقَهَّـٰرُ ﴿16﴾

(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) айтинг (қавмингиздан сўранг: «Осмонлар ва Ернинг Парвардигори ким?» «Аллоҳ», деб жавоб қилинг (чунки, улар бундан бошқа жавоб топа олмайдилар. Улардан): «Бас, Ўша (Аллоҳни қўйиб, (ўзгалар эмас, ҳатто) ўзларига ҳам фойда-зиён етказишга қодир бўлмайдиган бутларни ушлаб олдингизми?», деб сўранг. Яна айтингки, «Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳақ йўлга ҳидоят топган киши) баробар бўлурми? Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?» Ё улар Аллоҳ яратгани каби ярата оладиган бутларни У зотга шерик қилишиб олиб, сўнгра уларга яратилган нарсаларни (Аллоҳ яратганми ёки сиғинаётган бутлари яратганми) номаълум бўлиб қолдими? Айтинг: «Аллоҳ барча нарсани яратгувчидир ва У танҳо ғолибдир».

13:17

أَنزَلَ مِنَ ٱلسَّمَآءِ مَآءٗ فَسَالَتۡ أَوۡدِيَةُۢ بِقَدَرِهَا فَٱحۡتَمَلَ ٱلسَّيۡلُ زَبَدٗا رَّابِيٗاۖ وَمِمَّا يُوقِدُونَ عَلَيۡهِ فِي ٱلنَّارِ ٱبۡتِغَآءَ حِلۡيَةٍ أَوۡ مَتَٰعٖ زَبَدٞ مِّثۡلُهُۥۚ كَذَٰلِكَ يَضۡرِبُ ٱللَّهُ ٱلۡحَقَّ وَٱلۡبَٰطِلَۚ فَأَمَّا ٱلزَّبَدُ فَيَذۡهَبُ جُفَآءٗۖ وَأَمَّا مَا يَنفَعُ ٱلنَّاسَ فَيَمۡكُثُ فِي ٱلۡأَرۡضِۚ كَذَٰلِكَ يَضۡرِبُ ٱللَّهُ ٱلۡأَمۡثَالَ ﴿17﴾

(Аллоҳ) осмондан, сув (ёмғир) ёғдирганида жилғалар тўлиб-тошиб оқиб, бу сел ўз устида кўпикларни ҳам кўтариб келур. (Одамлар) зеб-зийнат ёки асбоб-ускуна ясаш учун ўтда эритадиган нарса-маъданлардан ҳам шунга ўхшаш кўпик (чиқинди пайдо) бўлур. Аллоҳ ҳақ билан ботилни мана шундай (мисол билан) баён қилур. Энди у кўпик-чиқинди ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетур. Одамларга фойдали бўлган нарса эса Ер юзида қолур. Аллоҳ мисолларни мана шундай баён қилур.

13:18

لِلَّذِينَ ٱسۡتَجَابُواْ لِرَبِّهِمُ ٱلۡحُسۡنَىٰۚ وَٱلَّذِينَ لَمۡ يَسۡتَجِيبُواْ لَهُۥ لَوۡ أَنَّ لَهُم مَّا فِي ٱلۡأَرۡضِ جَمِيعٗا وَمِثۡلَهُۥ مَعَهُۥ لَٱفۡتَدَوۡاْ بِهِۦٓۚ أُوْلَـٰٓئِكَ لَهُمۡ سُوٓءُ ٱلۡحِسَابِ وَمَأۡوَىٰهُمۡ جَهَنَّمُۖ وَبِئۡسَ ٱلۡمِهَادُ ﴿18﴾

Парвардигорларига итоат этган зотлар учун гўзал мукофот — жаннат бордир. У зотга итоат қилмаган кимсалар эса агар Ердаги бор молу-давлат (яна) икки баробар (кўпайиб) уларнинг ўзлариники бўлса, албатта уни (Аллоҳнинг азобидан қутулиш учун) фидо қилган бўлур эдилар. Улар учун энг ёмон ҳисоб-китоб бўлур. Уларнинг жойлари жаҳаннамдир. Нақадар ёмон жой у!

13:19

أَفَمَن يَعۡلَمُ أَنَّمَآ أُنزِلَ إِلَيۡكَ مِن رَّبِّكَ ٱلۡحَقُّ كَمَنۡ هُوَ أَعۡمَىٰٓۚ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُوْلُواْ ٱلۡأَلۡبَٰبِ ﴿19﴾

(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), ахир сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарса аниқ ҳақиқат эканини биладиган — иймон келтирадиган киши (кўнгил кўзи) кўр кимсага ўхшайдими? Ақл эгаларигина эслатма олурлар.

13:20

ٱلَّذِينَ يُوفُونَ بِعَهۡدِ ٱللَّهِ وَلَا يَنقُضُونَ ٱلۡمِيثَٰقَ ﴿20﴾

Улар фақат Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладиган ва мийсоқ — ваъдаларини бузмайдиган зотлардир.

13:21

وَٱلَّذِينَ يَصِلُونَ مَآ أَمَرَ ٱللَّهُ بِهِۦٓ أَن يُوصَلَ وَيَخۡشَوۡنَ رَبَّهُمۡ وَيَخَافُونَ سُوٓءَ ٱلۡحِسَابِ ﴿21﴾

Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни, қариндош-уруғлар билан алоқани) боғлайдилар. Парвардигорларидан қўрқадилар, ҳисоб-китобга дучор бўлишдан қўрқиб, (доим чиройли амаллар қилишга интиладилар).

13:22

وَٱلَّذِينَ صَبَرُواْ ٱبۡتِغَآءَ وَجۡهِ رَبِّهِمۡ وَأَقَامُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَأَنفَقُواْ مِمَّا رَزَقۡنَٰهُمۡ سِرّٗا وَعَلَانِيَةٗ وَيَدۡرَءُونَ بِٱلۡحَسَنَةِ ٱلسَّيِّئَةَ أُوْلَـٰٓئِكَ لَهُمۡ عُقۡبَى ٱلدَّارِ ﴿22﴾

Парвардигорларининг Юзини кўзлаб (меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилиб намозларини тўкис адо этган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қилган ҳамда ёмонликни яхшилик билан қайтарадиган зотлар — ана ўшалар учун Охират диёри бордир.

13:23

جَنَّـٰتُ عَدۡنٖ يَدۡخُلُونَهَا وَمَن صَلَحَ مِنۡ ءَابَآئِهِمۡ وَأَزۡوَٰجِهِمۡ وَذُرِّيَّـٰتِهِمۡۖ وَٱلۡمَلَـٰٓئِكَةُ يَدۡخُلُونَ عَلَيۡهِم مِّن كُلِّ بَابٖ ﴿23﴾

(У диёр) абадий туриладиган жаннатлар бўлиб, улар у жойларга, ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат бўлган солиҳ бандалар билан бирга кирурлар. Сўнг уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб (дерлар):

13:24

سَلَٰمٌ عَلَيۡكُم بِمَا صَبَرۡتُمۡۚ فَنِعۡمَ عُقۡبَى ٱلدَّارِ ﴿24﴾

«(Аллоҳ йулида меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу жаннатларда) сизларга тинчлик-осойишталик бўлгай. Бу Охират диёри нақадар яхши!»

13:25

وَٱلَّذِينَ يَنقُضُونَ عَهۡدَ ٱللَّهِ مِنۢ بَعۡدِ مِيثَٰقِهِۦ وَيَقۡطَعُونَ مَآ أَمَرَ ٱللَّهُ بِهِۦٓ أَن يُوصَلَ وَيُفۡسِدُونَ فِي ٱلۡأَرۡضِ أُوْلَـٰٓئِكَ لَهُمُ ٱللَّعۡنَةُ وَلَهُمۡ سُوٓءُ ٱلدَّارِ ﴿25﴾

Аллоҳга берган аҳд-паймонларини мустаҳкам бўлганидан кейин бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳнинг) лаънати бўлур ва улар учун энг ёмон диёр — жаҳаннам бордир.

13:26

ٱللَّهُ يَبۡسُطُ ٱلرِّزۡقَ لِمَن يَشَآءُ وَيَقۡدِرُۚ وَفَرِحُواْ بِٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَا وَمَا ٱلۡحَيَوٰةُ ٱلدُّنۡيَا فِي ٱلۡأٓخِرَةِ إِلَّا مَتَٰعٞ ﴿26﴾

Аллоҳ, Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур (ва Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. (Мушриклар) мана шу ҳаёти дунё билан шод-хуррам бўлдилар, ҳолбуки бу ҳаёти дунё Охират олдида фақат бир арзимас матодир.

13:27

وَيَقُولُ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ لَوۡلَآ أُنزِلَ عَلَيۡهِ ءَايَةٞ مِّن رَّبِّهِۦۚ قُلۡ إِنَّ ٱللَّهَ يُضِلُّ مَن يَشَآءُ وَيَهۡدِيٓ إِلَيۡهِ مَنۡ أَنَابَ ﴿27﴾

Куфр йўлини тутган кимсалар: «Унга (Муҳаммадга) Парвардигори томонидан бирон оят-мўъжиза нозил қилинса эди», дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларга) айтинг: «Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни гумроҳ қилур ва (Аллоҳга) ижобат-тавба қилган кишиларни Ўз (динига) ҳидоят қилур».

13:28

ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَتَطۡمَئِنُّ قُلُوبُهُم بِذِكۡرِ ٱللَّهِۗ أَلَا بِذِكۡرِ ٱللَّهِ تَطۡمَئِنُّ ٱلۡقُلُوبُ ﴿28﴾

Улар иймон келтирган ва қалблари Аллоҳни зикр қилиш — эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур.

13:29

ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَعَمِلُواْ ٱلصَّـٰلِحَٰتِ طُوبَىٰ لَهُمۡ وَحُسۡنُ مَـَٔابٖ ﴿29﴾

Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотлар учун хушнудлик ва гўзал оқибат — жаннат бордир.

13:30

كَذَٰلِكَ أَرۡسَلۡنَٰكَ فِيٓ أُمَّةٖ قَدۡ خَلَتۡ مِن قَبۡلِهَآ أُمَمٞ لِّتَتۡلُوَاْ عَلَيۡهِمُ ٱلَّذِيٓ أَوۡحَيۡنَآ إِلَيۡكَ وَهُمۡ يَكۡفُرُونَ بِٱلرَّحۡمَٰنِۚ قُلۡ هُوَ رَبِّي لَآ إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ عَلَيۡهِ تَوَكَّلۡتُ وَإِلَيۡهِ مَتَابِ ﴿30﴾

(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) шундай қилиб, Биз сизни (кўпдан-кўп) авлодлардан кейин келган бир авлодга — улар Меҳрибон (Аллоҳ)ни инкор қилиб турган ҳолларида — Биз сизга ваҳий қилган нарсаларни тиловат қилиб беришингиз учун пайғамбар қилиб юбордик. Айтинг: «У (Меҳрибон Аллоҳ) менинг Парвардигоримдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. Унинг Ўзига таваккул қилдим — суяндим ва Унинг Ўзига тавба-тазарру қилурман».

13:31

وَلَوۡ أَنَّ قُرۡءَانٗا سُيِّرَتۡ بِهِ ٱلۡجِبَالُ أَوۡ قُطِّعَتۡ بِهِ ٱلۡأَرۡضُ أَوۡ كُلِّمَ بِهِ ٱلۡمَوۡتَىٰۗ بَل لِّلَّهِ ٱلۡأَمۡرُ جَمِيعًاۗ أَفَلَمۡ يَاْيۡـَٔسِ ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ أَن لَّوۡ يَشَآءُ ٱللَّهُ لَهَدَى ٱلنَّاسَ جَمِيعٗاۗ وَلَا يَزَالُ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ تُصِيبُهُم بِمَا صَنَعُواْ قَارِعَةٌ أَوۡ تَحُلُّ قَرِيبٗا مِّن دَارِهِمۡ حَتَّىٰ يَأۡتِيَ وَعۡدُ ٱللَّهِۚ إِنَّ ٱللَّهَ لَا يُخۡلِفُ ٱلۡمِيعَادَ ﴿31﴾

Агар бир Қуръон бўлиб, унинг ёрдами билан тоғлар жойидан жилдирилса, ё унинг ёрдами билан Ер ёрилиб (дарёлар пайдо қилинса, ёки унинг ёрдами билан ўликлар тилга киритилса ҳам (кофир бўлган кимсалар иймон келтирмайдилар). Йўқ, барча иш ёлғиз Аллоҳнинг (илкидадир. Яъни, Аллоҳ хоҳласа иймон келтирадилар, агар У зот хоҳламас экан, барча талаблари бажо қилинганида ҳам улар иймон келтирмайдилар). Иймон келтирган кишилар агар Аллоҳ хоҳласа, шак-шубҳасиз, (бирон мўъжиза нозил қилмасданоқ) барча одамларни ҳидоят қилишини (бу Аллоҳ учун ҳеч нарса эмаслигини) билмадиларми? (Лекин Аллоҳнинг Ўзигина биладиган ҳикмат сабабли У зот ҳидоят йўлига юриш ё юрмасликни бандаларининг ихтиёрига ташлаб қўйгандир). То Аллоҳнинг ваъдаси келгунича (яъни, Макка мусулмонлар тарафидан фатҳ қилингунча ҳам) куфр йўлини тутган кимсаларга ўзларининг қилган қилиқлари сабабли мудом турли офат-балолар етар ёки уларнинг диёрларига яқин жойларга (кулфат) тушиб (уларни безовта, беҳаловат қилур). Албатта, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмас.

13:32

وَلَقَدِ ٱسۡتُهۡزِئَ بِرُسُلٖ مِّن قَبۡلِكَ فَأَمۡلَيۡتُ لِلَّذِينَ كَفَرُواْ ثُمَّ أَخَذۡتُهُمۡۖ فَكَيۡفَ كَانَ عِقَابِ ﴿32﴾

(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиздан аввалги пайғамбарларнинг устидан ҳам кулиб-масхара қилинганида, Мен ўша (пайғамбарларини ёлғончи қилиб) куфр йўлини тутган кимсаларга (бир оз) муҳлат бериб, сўнгра уларни (Ўзимнинг азобим билан) ушлаганман. Сўнг уларни қандай жазолаганимни (билурсиз).

13:33

أَفَمَنۡ هُوَ قَآئِمٌ عَلَىٰ كُلِّ نَفۡسِۭ بِمَا كَسَبَتۡۗ وَجَعَلُواْ لِلَّهِ شُرَكَآءَ قُلۡ سَمُّوهُمۡۚ أَمۡ تُنَبِّـُٔونَهُۥ بِمَا لَا يَعۡلَمُ فِي ٱلۡأَرۡضِ أَم بِظَٰهِرٖ مِّنَ ٱلۡقَوۡلِۗ بَلۡ زُيِّنَ لِلَّذِينَ كَفَرُواْ مَكۡرُهُمۡ وَصُدُّواْ عَنِ ٱلسَّبِيلِۗ وَمَن يُضۡلِلِ ٱللَّهُ فَمَا لَهُۥ مِنۡ هَادٖ ﴿33﴾

Ҳар бир жоннинг қилган амали устидан (кузатиб) тургувчи Зот ҳеч нарсани кўрмайдиган, эшитмайдиган жонсиз бутларга ўхшайдими?» Улар (турли маҳлуқларни) Аллоҳга шерик қилиб олдилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, уларга) айтинг: «У бутларингизнинг номларини (ва уларнинг қўлларидан келадиган ишларини) айтинглар-чи? Балки (Аллоҳга) Ер юзидаги билмайдиган бирон нарсасининг хабарини берарсизлар?! Ёки фақат юзаки гап билан (яъни, ҳеч қандай иш-амал қўлидан келмайдиган жонсиз нарсаларни қуруқ сўзларга ишониб худо деб сиғиниб юрибсизларми?») Йўқ. Куфр йўлини тутган кимсаларга ўзларининг макр-алдовлари чиройли кўрасатилди ва улар ҳақиқат йўлидан тўсилдилар. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас.

13:34

لَّهُمۡ عَذَابٞ فِي ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَاۖ وَلَعَذَابُ ٱلۡأٓخِرَةِ أَشَقُّۖ وَمَا لَهُم مِّنَ ٱللَّهِ مِن وَاقٖ ﴿34﴾

Улар учун ҳаёти дунёда ҳам азоб бўлур. Аммо Охират азоби оғирроқ-қаттиқроқдир. Уларни Аллоҳ (азоби)дан сақловчи бўлмас.