quranm◉

Hizb 49

Range
from 42:13 to 43:56
Surahs covered
Tarjima
97 Tarjima

◉

42:13

شَرَعَ لَكُم مِّنَ ٱلدِّينِ مَا وَصَّىٰ بِهِۦ نُوحٗا وَٱلَّذِيٓ أَوۡحَيۡنَآ إِلَيۡكَ وَمَا وَصَّيۡنَا بِهِۦٓ إِبۡرَٰهِيمَ وَمُوسَىٰ وَعِيسَىٰٓۖ أَنۡ أَقِيمُواْ ٱلدِّينَ وَلَا تَتَفَرَّقُواْ فِيهِۚ كَبُرَ عَلَى ٱلۡمُشۡرِكِينَ مَا تَدۡعُوهُمۡ إِلَيۡهِۚ ٱللَّهُ يَجۡتَبِيٓ إِلَيۡهِ مَن يَشَآءُ وَيَهۡدِيٓ إِلَيۡهِ مَن يُنِيبُ ﴿13﴾

(Эй мўминлар, Аллоҳ) сизлар учун ҳам диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Ийсога буюрган нарсани — шариат (қонун) қилди, «Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!» (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), мушрикларга сиз даъват қилаётган нарса (яъни, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш) зўр келди — оғирлик қилди. Аллоҳ у (динга) ҳидоят топиш учун Ўзи хоҳлаган кишиларни сайлар ва Унга (ёлғиз Аллоҳга) илтижо қиладиган кишиларни ҳидоят қилур.

42:14

وَمَا تَفَرَّقُوٓاْ إِلَّا مِنۢ بَعۡدِ مَا جَآءَهُمُ ٱلۡعِلۡمُ بَغۡيَۢا بَيۡنَهُمۡۚ وَلَوۡلَا كَلِمَةٞ سَبَقَتۡ مِن رَّبِّكَ إِلَىٰٓ أَجَلٖ مُّسَمّٗى لَّقُضِيَ بَيۡنَهُمۡۚ وَإِنَّ ٱلَّذِينَ أُورِثُواْ ٱلۡكِتَٰبَ مِنۢ بَعۡدِهِمۡ لَفِي شَكّٖ مِّنۡهُ مُرِيبٖ ﴿14﴾

Улар (яъни, аввалги пайғамбарларнинг қавмлари) ҳам бўлинмаганлар, магар ўзларига (турли фирқаларга бўлинмаслик зарурлиги ҳақида) билим-ҳужжат келганидан сўнг ўзаро ҳасад-адоват қилишиб (фирқа-фирқа бўлиб кетганлар). Агар Парвардигорингиз томонидан (уларнинг жазоларини) белгиланган муддатгача (яъни, Қиёматгача кечиктириш хусусидаги) Сўз ўтмаганида, албатта уларнинг ўртасида ҳукм қилинган бўлур эди (яъни, улар мана шу дунёдаёқ жазоларини тортган бўлур эдилар)! Албатта улардан кейин Китобга (Таврот, Инжилга) ворис қилинган кимсалар (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга замондош бўлган яҳудий ва насронийлар) ҳам ундан (ўз Китобларидан) шак-шубҳададирлар.

42:15

فَلِذَٰلِكَ فَٱدۡعُۖ وَٱسۡتَقِمۡ كَمَآ أُمِرۡتَۖ وَلَا تَتَّبِعۡ أَهۡوَآءَهُمۡۖ وَقُلۡ ءَامَنتُ بِمَآ أَنزَلَ ٱللَّهُ مِن كِتَٰبٖۖ وَأُمِرۡتُ لِأَعۡدِلَ بَيۡنَكُمُۖ ٱللَّهُ رَبُّنَا وَرَبُّكُمۡۖ لَنَآ أَعۡمَٰلُنَا وَلَكُمۡ أَعۡمَٰلُكُمۡۖ لَا حُجَّةَ بَيۡنَنَا وَبَيۡنَكُمُۖ ٱللَّهُ يَجۡمَعُ بَيۡنَنَاۖ وَإِلَيۡهِ ٱلۡمَصِيرُ ﴿15﴾

Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), мана шунинг учун (яъни, аввалги қавмлар фирқа-фирқа бўлиб кетганлари сабабли йўлдан озганлари учун — сиз ўз умматларингизни бирлик-иттифоққа) даъват қилинг ва ўзингизга буюрилгани янглиғ Тўғри Йўлда бўлинг ҳамда уларнинг (мушрикларнинг) ҳавойи нафсларига эргашманг! Айтинг: «Мен Аллоҳ нозил қилган ҳар бир Китобга иймон келтирдим ва сизларнинг ўртангизда (мендан сўраб келган муаммоларингизни ҳал этишда) адолат қилишга амр этилдим. Аллоҳ Парвардигоримиз ва Парвардигорингиздир. Бизларнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир. Бизлар билан сизларнинг ўртангизда бирон жанжал йўқдир. Аллоҳ (Қиёмат Кунида) барчамизни жамлар ва ёлғиз Унга қайтиш бордир.

42:16

وَٱلَّذِينَ يُحَآجُّونَ فِي ٱللَّهِ مِنۢ بَعۡدِ مَا ٱسۡتُجِيبَ لَهُۥ حُجَّتُهُمۡ دَاحِضَةٌ عِندَ رَبِّهِمۡ وَعَلَيۡهِمۡ غَضَبٞ وَلَهُمۡ عَذَابٞ شَدِيدٌ ﴿16﴾

Аллоҳ (дини) ҳақида уни қабул қилинганидан сўнг (одамларни йўлдан оздириш учун) талашиб-тортишадиган кимсаларнинг ҳужжатлари (яъни, талашиб-тортишишлари) Парвардигор наздида ботил-беҳудадир. Уларга (бу дунёда) ғазаб, (Охиратда эса) қаттиқ азоб бордир.

42:17

ٱللَّهُ ٱلَّذِيٓ أَنزَلَ ٱلۡكِتَٰبَ بِٱلۡحَقِّ وَٱلۡمِيزَانَۗ وَمَا يُدۡرِيكَ لَعَلَّ ٱلسَّاعَةَ قَرِيبٞ ﴿17﴾

Аллоҳ ҳаққи-рост бўлган Китобни ва тарози-адолатни нозил қилган Зотдир. Қаердан билурсиз, эҳтимол (Қиёмат) соати яқиндир. (Бас, ғафлатда қолмай Аллоҳ нозил қилган Ҳақ Китоб ва адолатни маҳкам ушлаш лозимдир).

42:18

يَسۡتَعۡجِلُ بِهَا ٱلَّذِينَ لَا يُؤۡمِنُونَ بِهَاۖ وَٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ مُشۡفِقُونَ مِنۡهَا وَيَعۡلَمُونَ أَنَّهَا ٱلۡحَقُّۗ أَلَآ إِنَّ ٱلَّذِينَ يُمَارُونَ فِي ٱلسَّاعَةِ لَفِي ضَلَٰلِۭ بَعِيدٍ ﴿18﴾

(Қиёматга) иймон келтирмайдиган кимсалар уни шоштирурлар. Иймон келтирган зотлар эса ундан қўрқувчидирлар. Улар (Қиёматнинг) ҳақ эқанлигини билурлар. Огоҳ бўлингизким, (Қиёмат) соати хусусида талашиб-тортишадиган кимсалар (Ҳақ йўлдан) йироқ залолатдадирлар.

42:19

ٱللَّهُ لَطِيفُۢ بِعِبَادِهِۦ يَرۡزُقُ مَن يَشَآءُۖ وَهُوَ ٱلۡقَوِيُّ ٱلۡعَزِيزُ ﴿19﴾

Аллоҳ бандаларига меҳрибондир, У Ўзи хоҳлаган кишиларга (кенг-мўл) ризқ берур. У кучли, қудратлидир.

42:20

مَن كَانَ يُرِيدُ حَرۡثَ ٱلۡأٓخِرَةِ نَزِدۡ لَهُۥ فِي حَرۡثِهِۦۖ وَمَن كَانَ يُرِيدُ حَرۡثَ ٱلدُّنۡيَا نُؤۡتِهِۦ مِنۡهَا وَمَا لَهُۥ فِي ٱلۡأٓخِرَةِ مِن نَّصِيبٍ ﴿20﴾

Ким (ўз амали билан) Охират экинини (яъни, савобини) истар экан, Биз унга экинини(нг ҳосилини) мўл-зиёда қилурмиз. Ким дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан (дунё матоларидан) берурмиз ва унинг учун Охиратда бирон насиба бўлмас!

42:21

أَمۡ لَهُمۡ شُرَكَـٰٓؤُاْ شَرَعُواْ لَهُم مِّنَ ٱلدِّينِ مَا لَمۡ يَأۡذَنۢ بِهِ ٱللَّهُۚ وَلَوۡلَا كَلِمَةُ ٱلۡفَصۡلِ لَقُضِيَ بَيۡنَهُمۡۗ وَإِنَّ ٱلظَّـٰلِمِينَ لَهُمۡ عَذَابٌ أَلِيمٞ ﴿21﴾

Балки улар (Макка мушриклари) учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ буюрмаган нарсаларни — «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари — бутлари бордир?! Агар (яхши-ёмон амаллар Қиёмат Кунида) ажралиши хусусидаги Сўз бўлмаганида, албатта уларнинг ўрталарида (шу дунёдаёқ) ҳукм қилинган бўлур эди. Золим кимсалар учун шак-шубҳасиз, аламли азоб бордир.

42:22

تَرَى ٱلظَّـٰلِمِينَ مُشۡفِقِينَ مِمَّا كَسَبُواْ وَهُوَ وَاقِعُۢ بِهِمۡۗ وَٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَعَمِلُواْ ٱلصَّـٰلِحَٰتِ فِي رَوۡضَاتِ ٱلۡجَنَّاتِۖ لَهُم مَّا يَشَآءُونَ عِندَ رَبِّهِمۡۚ ذَٰلِكَ هُوَ ٱلۡفَضۡلُ ٱلۡكَبِيرُ ﴿22﴾

(Қиёмат Кунида) у золимларни ўзлари (ҳаёти дунёда) касб қилган нарсадан (яъни, куфру исёнларига бериладиган жазолардан) қўрқиб турган ҳолларида кўрурсиз. У (жазо эса қўрқсалар-қўрқмасалар) уларга тушгувчидир! Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар эса жаннатларнинг боғларида бўлишиб, улар учун Парвардигорлари ҳузурида хоҳлаган нарсалари бордир! Мана шу катта фазлу марҳаматнинг ўзидир!

42:23

ذَٰلِكَ ٱلَّذِي يُبَشِّرُ ٱللَّهُ عِبَادَهُ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَعَمِلُواْ ٱلصَّـٰلِحَٰتِۗ قُل لَّآ أَسۡـَٔلُكُمۡ عَلَيۡهِ أَجۡرًا إِلَّا ٱلۡمَوَدَّةَ فِي ٱلۡقُرۡبَىٰۗ وَمَن يَقۡتَرِفۡ حَسَنَةٗ نَّزِدۡ لَهُۥ فِيهَا حُسۡنًاۚ إِنَّ ٱللَّهَ غَفُورٞ شَكُورٌ ﴿23﴾

Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган бандаларига берадиган хушхабари ана шудир! (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, Макка мушрикларига) айтинг: «Мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман, фақат қариндошчиликдаги дўстлик-яқинликнигина (яъни, мен сизлар билан насл-насаб жиҳатидан қариндош бўлганим ҳаққи-ҳурмати бу даъватимга тўсқинчилик қилмасликларингизнигина сўрайман)». Ким бирон чиройли амал қилса, Биз унинг учун ўша (чиройли амали)да яна ҳусни зиёда қилурмиз (яъни, зиёда савоб ато этурмиз). Албатта Аллоҳ мағфират қилгувчи, яхшиликни билгувчидир.

42:24

أَمۡ يَقُولُونَ ٱفۡتَرَىٰ عَلَى ٱللَّهِ كَذِبٗاۖ فَإِن يَشَإِ ٱللَّهُ يَخۡتِمۡ عَلَىٰ قَلۡبِكَۗ وَيَمۡحُ ٱللَّهُ ٱلۡبَٰطِلَ وَيُحِقُّ ٱلۡحَقَّ بِكَلِمَٰتِهِۦٓۚ إِنَّهُۥ عَلِيمُۢ بِذَاتِ ٱلصُّدُورِ ﴿24﴾

Ёки улар: «(Муҳаммад Қуръон Аллоҳ томонидан нозил бўлган, деб) Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиди», дейдиларми?! (Ундоқ эмас), чунки агар (сиз ёлғон тўқийдиган бўлсангиз) Аллоҳ хоҳласа дилингизни муҳрлаб қўюр. Аллоҳ Ўз сўзлари билан ботил-ноҳақ (гаплар)ни йўқ қилур ва Ҳақни ҳақ қилур — рўёбга чиқарур. Албатта У дилларни эгаллаган (сирлар)ни билгувчидир.

42:25

وَهُوَ ٱلَّذِي يَقۡبَلُ ٱلتَّوۡبَةَ عَنۡ عِبَادِهِۦ وَيَعۡفُواْ عَنِ ٱلسَّيِّـَٔاتِ وَيَعۡلَمُ مَا تَفۡعَلُونَ ﴿25﴾

У бандаларидан тавба-тазарруъ қабул қиладиган, ёмонликларни афв этадиган ва қиладиган ишларингизни биладиган Зотдир.

42:26

وَيَسۡتَجِيبُ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَعَمِلُواْ ٱلصَّـٰلِحَٰتِ وَيَزِيدُهُم مِّن فَضۡلِهِۦۚ وَٱلۡكَٰفِرُونَ لَهُمۡ عَذَابٞ شَدِيدٞ ﴿26﴾

У иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларнинг (дуоларини) ижобат қилур ва уларга (сўраган нарсаларини ато этиб, яна) Ўз фазлу карамидан зиёда қилур. Кофирлар учун эса қаттиқ азоб бордир.

42:27

وَلَوۡ بَسَطَ ٱللَّهُ ٱلرِّزۡقَ لِعِبَادِهِۦ لَبَغَوۡاْ فِي ٱلۡأَرۡضِ وَلَٰكِن يُنَزِّلُ بِقَدَرٖ مَّا يَشَآءُۚ إِنَّهُۥ بِعِبَادِهِۦ خَبِيرُۢ بَصِيرٞ ﴿27﴾

Агар Аллоҳ (барча) бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилса, албатта улар Ер юзида зулм-тажовузкорлик қилган бўлур эдилар. Лекин У зот (бандаларининг ризқу рўзларини) Ўзи хоҳлаганича ўлчов билан туширур. Албатта У бандаларидан огоҳ ва кўриб тургувчидир.

42:28

وَهُوَ ٱلَّذِي يُنَزِّلُ ٱلۡغَيۡثَ مِنۢ بَعۡدِ مَا قَنَطُواْ وَيَنشُرُ رَحۡمَتَهُۥۚ وَهُوَ ٱلۡوَلِيُّ ٱلۡحَمِيدُ ﴿28﴾

У (одамлар ёғин-сочиндан) умидсизликка тушганларидан кейин ёмғир ёғдирадиган ва Ўз раҳмат-барокотини кенг ёядиган Зотдир. У ҳамду сано эгаси бўлган Дўстдир.

42:29

وَمِنۡ ءَايَٰتِهِۦ خَلۡقُ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِ وَمَا بَثَّ فِيهِمَا مِن دَآبَّةٖۚ وَهُوَ عَلَىٰ جَمۡعِهِمۡ إِذَا يَشَآءُ قَدِيرٞ ﴿29﴾

Осмонлар ва Ернинг яратилиши ҳамда (Аллоҳ) уларда тарқатиб-ёйиб юборган жониворлар Унинг (қудрати илоҳиясига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. У Ўзи хоҳлаган вақтида уларни жамлаб-йиғиб олишга қодирдир.

42:30

وَمَآ أَصَٰبَكُم مِّن مُّصِيبَةٖ فَبِمَا كَسَبَتۡ أَيۡدِيكُمۡ وَيَعۡفُواْ عَن كَثِيرٖ ﴿30﴾

(Эй инсонлар) сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса — гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур.

42:31

وَمَآ أَنتُم بِمُعۡجِزِينَ فِي ٱلۡأَرۡضِۖ وَمَا لَكُم مِّن دُونِ ٱللَّهِ مِن وَلِيّٖ وَلَا نَصِيرٖ ﴿31﴾

Сизлар Ерда (ҳеч қаёққа) қочиб қутулгувчи эмассизлар. Ва сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст ва ёрдамчи йўқдир.

42:32

وَمِنۡ ءَايَٰتِهِ ٱلۡجَوَارِ فِي ٱلۡبَحۡرِ كَٱلۡأَعۡلَٰمِ ﴿32﴾

Денгиз-дарёлардаги тоғлар янглиғ сузиб юрган (кема)лар ҳам Унинг (қудрати илоҳиясига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир.

42:33

إِن يَشَأۡ يُسۡكِنِ ٱلرِّيحَ فَيَظۡلَلۡنَ رَوَاكِدَ عَلَىٰ ظَهۡرِهِۦٓۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَأٓيَٰتٖ لِّكُلِّ صَبَّارٖ شَكُورٍ ﴿33﴾

Агар (Аллоҳ) хоҳласа шамолни тўхтатиб қўюр, бас, улар (денгиз) устида (ҳеч қаёққа сузолмай) туриб қолурлар — Албатта бунда ҳар бир (балога) сабр қилгувчи, (Аллоҳнинг неъматларига) шукр қилгувчи учун оят-ибратлар бордир.

42:34

أَوۡ يُوبِقۡهُنَّ بِمَا كَسَبُواْ وَيَعۡفُ عَن كَثِيرٖ ﴿34﴾

Ёки (агар Аллоҳ хоҳласа қаттиқ бўрон юбориб, кемадаги одамларнинг) қилган гуноҳлари сабабли у (кема)ларни ҳалок (ғарқ) қилур ва кўпларни (ҳалокатдан қутқариб) афв этур.

42:35

وَيَعۡلَمَ ٱلَّذِينَ يُجَٰدِلُونَ فِيٓ ءَايَٰتِنَا مَا لَهُم مِّن مَّحِيصٖ ﴿35﴾

(Токи) Бизнинг оятларимиз хусусида талашиб-тортишадиган кимсалар ўзлари учун (Аллоҳнинг азобидан) бирон қочиб қутуладиган жой йўқ эканлигини билиб олсинлар!

42:36

فَمَآ أُوتِيتُم مِّن شَيۡءٖ فَمَتَٰعُ ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَاۚ وَمَا عِندَ ٱللَّهِ خَيۡرٞ وَأَبۡقَىٰ لِلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَعَلَىٰ رَبِّهِمۡ يَتَوَكَّلُونَ ﴿36﴾

Бас, (эй инсонлар), сизларга ато этилган бор нарса(лар) ҳаёти дунё матосидир ва иймон келтирган ҳамда ёлғиз Парвардигорларига суянадиган зотлар учун Аллоҳ ҳузуридаги нарсалар (яъни, Охират неъматлари — дунё матоларидан) яхшироқ ва боқийроқдир.

42:37

وَٱلَّذِينَ يَجۡتَنِبُونَ كَبَـٰٓئِرَ ٱلۡإِثۡمِ وَٱلۡفَوَٰحِشَ وَإِذَا مَا غَضِبُواْ هُمۡ يَغۡفِرُونَ ﴿37﴾

Улар катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан четланадиган, ғазабланган вақтларида эса кечириб юборадиган зотлардир.

42:38

وَٱلَّذِينَ ٱسۡتَجَابُواْ لِرَبِّهِمۡ وَأَقَامُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَأَمۡرُهُمۡ شُورَىٰ بَيۡنَهُمۡ وَمِمَّا رَزَقۡنَٰهُمۡ يُنفِقُونَ ﴿38﴾

Улар Парвардигорларига ижобат-итоат этган ва намозни тўкис адо қилган зотлардир. Уларнинг ишлари (мудом) ўзаро шўро-маслаҳат (билан) бўлур ва Биз уларни ризқлантирган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар.

42:39

وَٱلَّذِينَ إِذَآ أَصَابَهُمُ ٱلۡبَغۡيُ هُمۡ يَنتَصِرُونَ ﴿39﴾

Улар ўзларига зулм етганда, (унга қарши курашиб) ғолиб бўладиган зотлардир.

42:40

وَجَزَـٰٓؤُاْ سَيِّئَةٖ سَيِّئَةٞ مِّثۡلُهَاۖ فَمَنۡ عَفَا وَأَصۡلَحَ فَأَجۡرُهُۥ عَلَى ٱللَّهِۚ إِنَّهُۥ لَا يُحِبُّ ٱلظَّـٰلِمِينَ ﴿40﴾

(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни, ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси бордир). Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта У зулм қилгувчиларни севмас.

42:41

وَلَمَنِ ٱنتَصَرَ بَعۡدَ ظُلۡمِهِۦ فَأُوْلَـٰٓئِكَ مَا عَلَيۡهِم مِّن سَبِيلٍ ﴿41﴾

Албатта ким мазлум бўлганидан сўнг (ўзига зулм қилган кимсадан) ғолиб бўлса, (интиқом олса), бас, улар(ни олган интиқомлари учун айблаш)га йўл йўқдир.

42:42

إِنَّمَا ٱلسَّبِيلُ عَلَى ٱلَّذِينَ يَظۡلِمُونَ ٱلنَّاسَ وَيَبۡغُونَ فِي ٱلۡأَرۡضِ بِغَيۡرِ ٱلۡحَقِّۚ أُوْلَـٰٓئِكَ لَهُمۡ عَذَابٌ أَلِيمٞ ﴿42﴾

Фақат одамларга зулм қиладиган ва Ерда ноҳақ ҳадларидан ошадиган кимсалар(ни айблаш ва зулму зўравонликлари учун жазолаш)гагина йўл бордир. Ана ўшалар учун аламли азоб бордир.

42:43

وَلَمَن صَبَرَ وَغَفَرَ إِنَّ ذَٰلِكَ لَمِنۡ عَزۡمِ ٱلۡأُمُورِ ﴿43﴾

Албатта ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз, бу иш ишларнинг мақсадга мувофиғидир,

42:44

وَمَن يُضۡلِلِ ٱللَّهُ فَمَا لَهُۥ مِن وَلِيّٖ مِّنۢ بَعۡدِهِۦۗ وَتَرَى ٱلظَّـٰلِمِينَ لَمَّا رَأَوُاْ ٱلۡعَذَابَ يَقُولُونَ هَلۡ إِلَىٰ مَرَدّٖ مِّن سَبِيلٖ ﴿44﴾

Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун ўшандан кейин бирон (Тўғри Йўл кўрсатгувчи) дўст йўқдир. Ундай золимларнинг (Қиёмат Кунида) азобни кўрган вақтларида: «(Яна дунёга) қайтишга бирон йўл бормикан?», деяётганларини кўрурсиз.

42:45

وَتَرَىٰهُمۡ يُعۡرَضُونَ عَلَيۡهَا خَٰشِعِينَ مِنَ ٱلذُّلِّ يَنظُرُونَ مِن طَرۡفٍ خَفِيّٖۗ وَقَالَ ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ إِنَّ ٱلۡخَٰسِرِينَ ٱلَّذِينَ خَسِرُوٓاْ أَنفُسَهُمۡ وَأَهۡلِيهِمۡ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِۗ أَلَآ إِنَّ ٱلظَّـٰلِمِينَ فِي عَذَابٖ مُّقِيمٖ ﴿45﴾

Уларнинг хорликдан эгилган ва (дўзахга) кўз қирлари билан қараган ҳолларида унга кўндаланг қилинаётганларини кўрурсиз. Иймон келтирган зотлар: «Албатта зиён кўргувчилар (гарчи дунё неъматларидан фойдаланиб ўтган бўлсалар-да) ва Қиёмат Кунида ўзларига, аҳли-оилаларига зиён қилган кимсалардир», дедилар. Огоҳ бўлингизким, у золимлар мангу азобдадирлар.

42:46

وَمَا كَانَ لَهُم مِّنۡ أَوۡلِيَآءَ يَنصُرُونَهُم مِّن دُونِ ٱللَّهِۗ وَمَن يُضۡلِلِ ٱللَّهُ فَمَا لَهُۥ مِن سَبِيلٍ ﴿46﴾

Улар учун Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган ҳеч қандай «дўстлар» бўлмас. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон (Тўғри) йўл йўқдир.

42:47

ٱسۡتَجِيبُواْ لِرَبِّكُم مِّن قَبۡلِ أَن يَأۡتِيَ يَوۡمٞ لَّا مَرَدَّ لَهُۥ مِنَ ٱللَّهِۚ مَا لَكُم مِّن مَّلۡجَإٖ يَوۡمَئِذٖ وَمَا لَكُم مِّن نَّكِيرٖ ﴿47﴾

(Эй инсонлар), Аллоҳ томонидан ҳеч қайтариб бўлмайдиган бир Кун (Қиёмат) келиб қолишидан илгари Парвардигорингизга ижобат-итоат этингиз! У кунда сизлар учун бирон қочадиган жой ҳам бўлмас ва сизлар учун (қилиб ўтган гуноҳларингизни) инкор қилиш (имкони) ҳам бўлмас.

42:48

فَإِنۡ أَعۡرَضُواْ فَمَآ أَرۡسَلۡنَٰكَ عَلَيۡهِمۡ حَفِيظًاۖ إِنۡ عَلَيۡكَ إِلَّا ٱلۡبَلَٰغُۗ وَإِنَّآ إِذَآ أَذَقۡنَا ٱلۡإِنسَٰنَ مِنَّا رَحۡمَةٗ فَرِحَ بِهَاۖ وَإِن تُصِبۡهُمۡ سَيِّئَةُۢ بِمَا قَدَّمَتۡ أَيۡدِيهِمۡ فَإِنَّ ٱلۡإِنسَٰنَ كَفُورٞ ﴿48﴾

(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), агар (мушриклар) энди ҳам (ёлғиз Аллоҳга иймон келтиришдан) юз ўгирсалар, бас, Биз сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ! Сизнинг зиммангизда фақат (Биз сизга нозил қилган ваҳийни) етказиш бор, холос. Дарҳақиқат, Биз инсонга Ўз томонимиздан раҳмат-неъматни тотдирган вақтимизда, у ўша (неъмат) билан шодланур, (аммо) агар уларга қўллари қилган (гуноҳлари) сабабли бирон ёмонлик етса, бас, албатта инсон (зоти) куфрони неъмат қилгувчидир — кўрнамакдир!

42:49

لِّلَّهِ مُلۡكُ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِۚ يَخۡلُقُ مَا يَشَآءُۚ يَهَبُ لِمَن يَشَآءُ إِنَٰثٗا وَيَهَبُ لِمَن يَشَآءُ ٱلذُّكُورَ ﴿49﴾

Осмонлар ва Ер Аллоҳнинг мулкидир. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур, У Ўзи хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этур ва Ўзи хоҳлаган кишига ўғилларни ҳадя этур.

42:50

أَوۡ يُزَوِّجُهُمۡ ذُكۡرَانٗا وَإِنَٰثٗاۖ وَيَجۡعَلُ مَن يَشَآءُ عَقِيمًاۚ إِنَّهُۥ عَلِيمٞ قَدِيرٞ ﴿50﴾

Ёки уларни эгизак ўғиллар ва қизлар қилур ва Ўзи хоҳлаган кишини — туғмас (бепушт) қилиб қўюр. Албатта У (барча нарсани) билгувчи ва (Ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир.

42:51

وَمَا كَانَ لِبَشَرٍ أَن يُكَلِّمَهُ ٱللَّهُ إِلَّا وَحۡيًا أَوۡ مِن وَرَآيِٕ حِجَابٍ أَوۡ يُرۡسِلَ رَسُولٗا فَيُوحِيَ بِإِذۡنِهِۦ مَا يَشَآءُۚ إِنَّهُۥ عَلِيٌّ حَكِيمٞ ﴿51﴾

Бирон одам учун Аллоҳ унга сўзлаши жоиз эмас, магар ваҳий-илҳом орқали, ё бирон парда-тўсиқ ортидан ёки бирон элчи-фаришта юбориб, ўша (фаришта Аллоҳнинг) изни-ихтиёри билан ўзи хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши орқали (сўзлар). Албатта У юксак ва ҳикмат Эгасидир.

42:52

وَكَذَٰلِكَ أَوۡحَيۡنَآ إِلَيۡكَ رُوحٗا مِّنۡ أَمۡرِنَاۚ مَا كُنتَ تَدۡرِي مَا ٱلۡكِتَٰبُ وَلَا ٱلۡإِيمَٰنُ وَلَٰكِن جَعَلۡنَٰهُ نُورٗا نَّهۡدِي بِهِۦ مَن نَّشَآءُ مِنۡ عِبَادِنَاۚ وَإِنَّكَ لَتَهۡدِيٓ إِلَىٰ صِرَٰطٖ مُّسۡتَقِيمٖ ﴿52﴾

(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), шундай қилиб (худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек) Биз Ўз амримиз билан сизга Руҳни — Қуръонни ваҳий қилдик. Сиз (пайғамбар бўлишингиздан) илгари на Китобни — Қуръонни ва на иймонни (яъни, унинг ҳақиқат-моҳиятини) билгувчи эдингиз. Лекин Биз уни (Қуръонни) бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан Ўзимиз хоҳлаган кишиларни ҳидоят Қилурмиз. Албатта сиз (ўзингизга тушган ваҳий ёрдамида) Тўғри Йўлга етаклайсиз.

42:53

صِرَٰطِ ٱللَّهِ ٱلَّذِي لَهُۥ مَا فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَمَا فِي ٱلۡأَرۡضِۗ أَلَآ إِلَى ٱللَّهِ تَصِيرُ ٱلۡأُمُورُ ﴿53﴾

У (йўл) осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Ўзиники бўлган Зот — Аллоҳнинг йўлидир! Огоҳ бўлингизким, барча ишлар ёлғиз Аллоҳга қайтур!

43:1

حمٓ ﴿1﴾

Ҳо, Мим.

43:2

وَٱلۡكِتَٰبِ ٱلۡمُبِينِ ﴿2﴾

Очиқ-равшан Китобга — Қуръонга қасамки,

43:3

إِنَّا جَعَلۡنَٰهُ قُرۡءَٰنًا عَرَبِيّٗا لَّعَلَّكُمۡ تَعۡقِلُونَ ﴿3﴾

албатта Биз уни сизлар ақл юргизишингиз (маъно-мазмунини фаҳмлашингиз) учун арабий Қуръон қилдик.

43:4

وَإِنَّهُۥ فِيٓ أُمِّ ٱلۡكِتَٰبِ لَدَيۡنَا لَعَلِيٌّ حَكِيمٌ ﴿4﴾

Дарҳақиқат, у Бизнинг даргоҳимиздаги Асл Китобда (Лавҳул-Маҳфузда) юксак (мартабали) ва ҳикматли (Китобдир).

43:5

أَفَنَضۡرِبُ عَنكُمُ ٱلذِّكۡرَ صَفۡحًا أَن كُنتُمۡ قَوۡمٗا مُّسۡرِفِينَ ﴿5﴾

Бас, (куфру исёнда) ҳаддан ошувчи қавм бўлганларингиз учун Биз сизлардан бу Эслатмани буриб (сизларни ўз ҳолларингизга ташлаб) қўюрмизми?!

43:6

وَكَمۡ أَرۡسَلۡنَا مِن نَّبِيّٖ فِي ٱلۡأَوَّلِينَ ﴿6﴾

Биз аввалгиларга ҳам қанча пайғамбар юборганмиз.

43:7

وَمَا يَأۡتِيهِم مِّن نَّبِيٍّ إِلَّا كَانُواْ بِهِۦ يَسۡتَهۡزِءُونَ ﴿7﴾

Улар ҳам ўзларига келган ҳар бир пайғамбарни масхара қилиб кулган эдилар.

43:8

فَأَهۡلَكۡنَآ أَشَدَّ مِنۡهُم بَطۡشٗا وَمَضَىٰ مَثَلُ ٱلۡأَوَّلِينَ ﴿8﴾

Бас, Биз улардан (Макка кофирларидан) кучли-қувватлироқларни ҳам ҳалок қилганмиз. (Ушбу Қуръонда) аввалгиларни масал-қиссалари ўтди-ку!

43:9

وَلَئِن سَأَلۡتَهُم مَّنۡ خَلَقَ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضَ لَيَقُولُنَّ خَلَقَهُنَّ ٱلۡعَزِيزُ ٱلۡعَلِيمُ ﴿9﴾

(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қасамки, агар сиз улардан: «Осмонлар ва Ерни ким яратган?», деб сўрасангиз, албатта: «Уларни қудратли ва доно (Аллоҳ) яратган», дерлар. (Аммо ўзлари ҳеч нарса ярата олмайдиган бут ва санамларни У зотга шерик қилиб, уларга сиғинурлар).

43:10

ٱلَّذِي جَعَلَ لَكُمُ ٱلۡأَرۡضَ مَهۡدٗا وَجَعَلَ لَكُمۡ فِيهَا سُبُلٗا لَّعَلَّكُمۡ تَهۡتَدُونَ ﴿10﴾

Ўша Зот сизлар учун Ерни бешик-қароргоҳ қилиб қўйди ва (сафарларингизда кўзлаган манзилларингизга) йўл топишларингиз учун унда (ерда турли) йўлларни (пайдо) қилди.

43:11

وَٱلَّذِي نَزَّلَ مِنَ ٱلسَّمَآءِ مَآءَۢ بِقَدَرٖ فَأَنشَرۡنَا بِهِۦ بَلۡدَةٗ مَّيۡتٗاۚ كَذَٰلِكَ تُخۡرَجُونَ ﴿11﴾

Ўша Зот осмондан (аниқ) ўлчов билан сув-ёмғир ёғдирди. Бас, Биз у (сув) билан «ўлик» шаҳар-қишлоқларни) тирилтирдик (яъни, қуруқ ердан турли-туман гиёҳларни чиқардик). Сизлар ҳам (Қиёмат Кунида қабрларингиздан) мана шундай чиқарилурсизлар.

43:12

وَٱلَّذِي خَلَقَ ٱلۡأَزۡوَٰجَ كُلَّهَا وَجَعَلَ لَكُم مِّنَ ٱلۡفُلۡكِ وَٱلۡأَنۡعَٰمِ مَا تَرۡكَبُونَ ﴿12﴾

Ўша Зот барча жуфтларни (яъни, бор махлуқотни) яратди ва сизлар учун кемалар ва чорва ҳайвонларидан — сизлар минадиган нарсалар (пайдо) қилди.

43:13

لِتَسۡتَوُۥاْ عَلَىٰ ظُهُورِهِۦ ثُمَّ تَذۡكُرُواْ نِعۡمَةَ رَبِّكُمۡ إِذَا ٱسۡتَوَيۡتُمۡ عَلَيۡهِ وَتَقُولُواْ سُبۡحَٰنَ ٱلَّذِي سَخَّرَ لَنَا هَٰذَا وَمَا كُنَّا لَهُۥ مُقۡرِنِينَ ﴿13﴾

Токи сизлар уларнинг устига ўрнашгайсизлар, сўнгра унга ўрнашиб олгач, Парвардигорингизнинг неъматини эслаб: «Бизларга бу (кема ёки от-улов)ни бўйсундириб қўйган зот (яъни, Аллоҳ барча айбу-нуқсондан) покдир. Бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик.

43:14

وَإِنَّآ إِلَىٰ رَبِّنَا لَمُنقَلِبُونَ ﴿14﴾

Шак-шубҳасиз, бизлар (барчамиз) «Парвардигоримизга қайтгувчидирмиз», дегайсизлар.

43:15

وَجَعَلُواْ لَهُۥ مِنۡ عِبَادِهِۦ جُزۡءًاۚ إِنَّ ٱلۡإِنسَٰنَ لَكَفُورٞ مُّبِينٌ ﴿15﴾

Улар (мушриклар, Аллоҳ) учун Ўз бандаларидан (айримларини, яъни фаришталарни) жузъ-бўлак қилдилар! (Аллоҳнинг бандалари бўлган фаришталарни «У зотнинг қизлари, яъни Унинг бир жузъи, дедилар. Чунки фарзанд отанинг жузъидир). Дарҳақиқат, инсон очиқ-ойдин кўрнамак-ношукурдир!

43:16

أَمِ ٱتَّخَذَ مِمَّا يَخۡلُقُ بَنَاتٖ وَأَصۡفَىٰكُم بِٱلۡبَنِينَ ﴿16﴾

Балки, (Аллоҳ) Ўзи яратадиган нарсалардан қизларни олиб қолиб, сизларга ўғилларни танлаб бергандир?!

43:17

وَإِذَا بُشِّرَ أَحَدُهُم بِمَا ضَرَبَ لِلرَّحۡمَٰنِ مَثَلٗا ظَلَّ وَجۡهُهُۥ مُسۡوَدّٗا وَهُوَ كَظِيمٌ ﴿17﴾

Қачон уларнинг биронтасига, ўзи Раҳмон учун мисол қилган нарса (яъни, қиз кўргани) ҳақида хушхабар берилса, ғазабга тўлган ҳолда юзи қорайиб кетар.

43:18

أَوَمَن يُنَشَّؤُاْ فِي ٱلۡحِلۡيَةِ وَهُوَ فِي ٱلۡخِصَامِ غَيۡرُ مُبِينٖ ﴿18﴾

«Ҳали зеб-зийнат ичида ўстириладиган, (ҳеч қандай) жанжал-мунозарада (ўз мақсадини) очиқ-равшан баён қилиб бера олмайдиган (ожиз нотавон қиз болами)?!»

43:19

وَجَعَلُواْ ٱلۡمَلَـٰٓئِكَةَ ٱلَّذِينَ هُمۡ عِبَٰدُ ٱلرَّحۡمَٰنِ إِنَٰثًاۚ أَشَهِدُواْ خَلۡقَهُمۡۚ سَتُكۡتَبُ شَهَٰدَتُهُمۡ وَيُسۡـَٔلُونَ ﴿19﴾

(Ҳолбуки), ўзлари Раҳмоннинг бандалари бўлмиш фаришталарни «Қизлар», дедилар! Ё улар (Аллоҳ фаришталарни) яратишига гувоҳ бўлганмидилар?! Уларнинг бу «гувоҳ»ликлари албатта (номаи аъмолларига) ёзилур ва улар (Қиёмат Кунида) сўроққа тутилурлар!

43:20

وَقَالُواْ لَوۡ شَآءَ ٱلرَّحۡمَٰنُ مَا عَبَدۡنَٰهُمۗ مَّا لَهُم بِذَٰلِكَ مِنۡ عِلۡمٍۖ إِنۡ هُمۡ إِلَّا يَخۡرُصُونَ ﴿20﴾

Улар: «Агар Раҳмон хоҳлаганида, бизлар уларга (яъни, фаришталарга «улар Аллоҳнинг қизлари», деган эътиқод билан) ибодат қилмаган бўлур эдик», дедилар. Улар учун бу ҳақда ҳеч қандай билим-асос йўқдир. Улар фақат ёлғон сўзламоқдалар!

43:21

أَمۡ ءَاتَيۡنَٰهُمۡ كِتَٰبٗا مِّن قَبۡلِهِۦ فَهُم بِهِۦ مُسۡتَمۡسِكُونَ ﴿21﴾

Ёки Биз уларга (Қуръондан) илгари бирон китоб ато этганмиз-у, улар ўшани ушлагувчимилар?! (Йўқ, асло ундоқ бўлган эмас)!

43:22

بَلۡ قَالُوٓاْ إِنَّا وَجَدۡنَآ ءَابَآءَنَا عَلَىٰٓ أُمَّةٖ وَإِنَّا عَلَىٰٓ ءَاثَٰرِهِم مُّهۡتَدُونَ ﴿22﴾

Балки улар (шундай) дедилар: «Албатта бизлар ота-боболаримизни бир миллат — дин устида топганмиз ва албатта бизлар уларнинг изларидан бориб ҳидоят топгувчидирмиз».

43:23

وَكَذَٰلِكَ مَآ أَرۡسَلۡنَا مِن قَبۡلِكَ فِي قَرۡيَةٖ مِّن نَّذِيرٍ إِلَّا قَالَ مُتۡرَفُوهَآ إِنَّا وَجَدۡنَآ ءَابَآءَنَا عَلَىٰٓ أُمَّةٖ وَإِنَّا عَلَىٰٓ ءَاثَٰرِهِم مُّقۡتَدُونَ ﴿23﴾

(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), шунингдек, Биз сиздан илгари бирон қишлоқ-шаҳарга бирон огоҳлантиргувчи-пайғамбар юбормадик, магар (юборганимизда) у жойнинг боёнлари: «Албатта бизлар уларнинг изларидан эргашгувчидирмиз», деганлар.

43:24

قَٰلَ أَوَلَوۡ جِئۡتُكُم بِأَهۡدَىٰ مِمَّا وَجَدتُّمۡ عَلَيۡهِ ءَابَآءَكُمۡۖ قَالُوٓاْ إِنَّا بِمَآ أُرۡسِلۡتُم بِهِۦ كَٰفِرُونَ ﴿24﴾

(Шунда пайғамбарлари уларга) «Агар мен сизларга сизлар ота-боболарингизни (эътиқод қилган ҳолларида) топган диндан тўғрироқ динни келтирган бўлсам ҳам-а?», деганида, улар: «Албатта бизлар сизлар элчи қилиб юборилган динга кофирдирмиз», дедилар.

43:25

فَٱنتَقَمۡنَا مِنۡهُمۡۖ فَٱنظُرۡ كَيۡفَ كَانَ عَٰقِبَةُ ٱلۡمُكَذِّبِينَ ﴿25﴾

Бас, Биз улардан интиқом олдик. Энди у (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилгувчиларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринг!

43:26

وَإِذۡ قَالَ إِبۡرَٰهِيمُ لِأَبِيهِ وَقَوۡمِهِۦٓ إِنَّنِي بَرَآءٞ مِّمَّا تَعۡبُدُونَ ﴿26﴾

Эсланг, Иброҳим отасига ва қавмига деган эди: «Албатта мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман.

43:27

إِلَّا ٱلَّذِي فَطَرَنِي فَإِنَّهُۥ سَيَهۡدِينِ ﴿27﴾

Магар мени яратган Зотгагина (ибодат қилурман). Бас, албатта У мени (Ҳақ динга) ҳидоят қилажак».

43:28

وَجَعَلَهَا كَلِمَةَۢ بَاقِيَةٗ فِي عَقِبِهِۦ لَعَلَّهُمۡ يَرۡجِعُونَ ﴿28﴾

У (Иброҳим) ўшани (яъни, ўзининг ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиши ҳақидаги сўзни ўзидан кейин келадиган зурриёт-авлодлари ҳам унга) қайтишлари учун ўз ортида қолгувчи сўз қилди.

43:29

بَلۡ مَتَّعۡتُ هَـٰٓؤُلَآءِ وَءَابَآءَهُمۡ حَتَّىٰ جَآءَهُمُ ٱلۡحَقُّ وَرَسُولٞ مُّبِينٞ ﴿29﴾

Мен эса (Иброҳим авлодларидан бўлган, аммо у қолдирган Сўзга итоат этмаган) ана у (Макка аҳолиси)ни ҳам, уларнинг ота-боболарини ҳам то уларга Ҳақ — Қуръон ва очиқ-равшан пайғамбар (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) келгунича (узун умр ва фаровон ҳаёт билан) фойдалантирдим.

43:30

وَلَمَّا جَآءَهُمُ ٱلۡحَقُّ قَالُواْ هَٰذَا سِحۡرٞ وَإِنَّا بِهِۦ كَٰفِرُونَ ﴿30﴾

(Аммо) қачонки уларга Ҳақ — Қуръон келгач, улар: «Бу сеҳрдир, албатта бизлар унга кофирдирмиз», дедилар.

43:31

وَقَالُواْ لَوۡلَا نُزِّلَ هَٰذَا ٱلۡقُرۡءَانُ عَلَىٰ رَجُلٖ مِّنَ ٱلۡقَرۡيَتَيۡنِ عَظِيمٍ ﴿31﴾

Яна улар: «Бу Қуръон икки қишлоқ(нинг бири)дан бўлган улуғ одамга нозил қилинганида эди», дедилар.

43:32

أَهُمۡ يَقۡسِمُونَ رَحۡمَتَ رَبِّكَۚ نَحۡنُ قَسَمۡنَا بَيۡنَهُم مَّعِيشَتَهُمۡ فِي ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَاۚ وَرَفَعۡنَا بَعۡضَهُمۡ فَوۡقَ بَعۡضٖ دَرَجَٰتٖ لِّيَتَّخِذَ بَعۡضُهُم بَعۡضٗا سُخۡرِيّٗاۗ وَرَحۡمَتُ رَبِّكَ خَيۡرٞ مِّمَّا يَجۡمَعُونَ ﴿32﴾

(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Парвардигорингизнинг раҳмати (бўлмиш пайғамбарлик)ни ўшалар тақсимлайдиларми?! (Йўқ, асло ундоқ эмас!) Уларнинг ҳаёти дунёдаги маишат-тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз Ўзимиз тақсимлаганмиз ва баъзилари баъзиларини қўл остига олиб (ишлатиш) учун айримларини айримларидан баланд даража-мартабаларга кўтариб қўйганмиз. Парвардигорингизнинг раҳмати-пайғамбарлик эса улар тўплайдиган нарса (мол-дунё)ларидан яхшироқдир. (Бас, Биз бу улуғ неъматни фақат Ўзимиз танлаган кишиларгагина ато этурмиз).

43:33

وَلَوۡلَآ أَن يَكُونَ ٱلنَّاسُ أُمَّةٗ وَٰحِدَةٗ لَّجَعَلۡنَا لِمَن يَكۡفُرُ بِٱلرَّحۡمَٰنِ لِبُيُوتِهِمۡ سُقُفٗا مِّن فِضَّةٖ وَمَعَارِجَ عَلَيۡهَا يَظۡهَرُونَ ﴿33﴾

Агар (иймонсиз кимсаларнинг бой-бадавлат, тўкин-сочинликда яшаётганларини кўришиб, барча) одамлар бир миллат (яъни, кофир) бўлиб олишлари бўлмаганида эди, албатта Биз Раҳмонга (яъни, Бизга) кофир бўладиган кимсалар учун уйларининг шифтларини ҳам, унга чиқадиган нарвонларни ҳам кумушдан қилиб қўйган бўлур эдик.

43:34

وَلِبُيُوتِهِمۡ أَبۡوَٰبٗا وَسُرُرًا عَلَيۡهَا يَتَّكِـُٔونَ ﴿34﴾

Яна уларнинг уйларининг эшикларини ҳам, ўзлари устида суяниб-ястаниб ўтирадиган сўриларни ҳам (кумушдан қилиб қўйган бўлур эдик).

43:35

وَزُخۡرُفٗاۚ وَإِن كُلُّ ذَٰلِكَ لَمَّا مَتَٰعُ ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَاۚ وَٱلۡأٓخِرَةُ عِندَ رَبِّكَ لِلۡمُتَّقِينَ ﴿35﴾

Яна (барча) зеб-зийнат, нақш-нигорларни ҳам (ўша кофирлар учун қилиб қўйган бўлур эдик. Зеро, буларнинг) барчаси фақат ҳаёти дунё матоларидир. Охират эса Парвардигорингиз наздида тақводор зотлар учундир.

43:36

وَمَن يَعۡشُ عَن ذِكۡرِ ٱلرَّحۡمَٰنِ نُقَيِّضۡ لَهُۥ شَيۡطَٰنٗا فَهُوَ لَهُۥ قَرِينٞ ﴿36﴾

Ким Раҳмон эслатмасидан (яъни, Қуръон панд-насиҳатларидан) кўр бўлиб олса — юз ўгирса, Биз унга шайтонни яқин қилиб қўюрмиз, бас, у ўша (кофирга доимий) ҳамроҳ бўлур.

43:37

وَإِنَّهُمۡ لَيَصُدُّونَهُمۡ عَنِ ٱلسَّبِيلِ وَيَحۡسَبُونَ أَنَّهُم مُّهۡتَدُونَ ﴿37﴾

Шак-шубҳасиз, (шайтонлар кофирларни Тўғри) йўлдан тўсурлар, (аммо кофирлар) ўзларини ҳидоят топгувчилар, деб ҳисоблайдилар.

43:38

حَتَّىٰٓ إِذَا جَآءَنَا قَالَ يَٰلَيۡتَ بَيۡنِي وَبَيۡنَكَ بُعۡدَ ٱلۡمَشۡرِقَيۡنِ فَبِئۡسَ ٱلۡقَرِينُ ﴿38﴾

То қачон Бизнинг ҳузуримизга келгач, (ўзини Тўғри Йўлдан оздирган шайтонга қараб): «Орзу эди, мен билан сенинг ўртанг Шарқу Ғарбнинг ўртасидаги масофа (каби йироқ) бўлса. Бас, (сен) нақадар ёмон ҳамроҳдирсан», дер.

43:39

وَلَن يَنفَعَكُمُ ٱلۡيَوۡمَ إِذ ظَّلَمۡتُمۡ أَنَّكُمۡ فِي ٱلۡعَذَابِ مُشۡتَرِكُونَ ﴿39﴾

(Эй кофирлар ва уларни Тўғри Йўлдан оздирган пешволари, ҳаёти дунёда куфр йўлини танлаш билан ўзларингизга) зулм қилганларингиз сабабли бу Кун сизларга азобда шерик эканликларингиз ҳаргиз фойда бермас (яъни, азобни қаттиқлигидан ҳар бирингиз ўзингиз билан овора бўлиб, шерикларингизга ҳамдардлик билдириб, азобларини енгиллата олмассизлар)!

43:40

أَفَأَنتَ تُسۡمِعُ ٱلصُّمَّ أَوۡ تَهۡدِي ٱلۡعُمۡيَ وَمَن كَانَ فِي ضَلَٰلٖ مُّبِينٖ ﴿40﴾

Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз карларга эшиттира олурмисиз, ё кўрлар ва очиқ залолатда бўлган кимсаларни ҳидоят қила олурмисиз?

43:41

فَإِمَّا نَذۡهَبَنَّ بِكَ فَإِنَّا مِنۡهُم مُّنتَقِمُونَ ﴿41﴾

Бас, агар Биз (кофирларни мағлуб этишдан илгари) сизни кетказсак (яъни, вафот қилдирсак ҳам) албатта биз улардан (Охиратда) интиқом олгувчидирмиз.

43:42

أَوۡ نُرِيَنَّكَ ٱلَّذِي وَعَدۡنَٰهُمۡ فَإِنَّا عَلَيۡهِم مُّقۡتَدِرُونَ ﴿42﴾

Ёки, албатта Биз уларга ваъда қилган нарсани (яъни, бошларига тушажак азобни ҳаётлик чоғингиздаёк) сизга кўрсатурмиз. Зеро, Биз уларга (азоб беришга) қодирдирмиз.

43:43

فَٱسۡتَمۡسِكۡ بِٱلَّذِيٓ أُوحِيَ إِلَيۡكَۖ إِنَّكَ عَلَىٰ صِرَٰطٖ مُّسۡتَقِيمٖ ﴿43﴾

Бас, сиз ўзингизга ваҳий қилинган нарсани Қуръонни маҳкам ушланг! Албатта, сиз Тўғри Йўлдадирсиз.

43:44

وَإِنَّهُۥ لَذِكۡرٞ لَّكَ وَلِقَوۡمِكَۖ وَسَوۡفَ تُسۡـَٔلُونَ ﴿44﴾

Албатта у (Қуръон) сиз учун ҳам, қавмингиз-умматингиз учун ҳам бир шарафдир ва яқинда (Қиёмат Кунида бу неъмати илоҳийя хусусида) сўралурсизлар.

43:45

وَسۡـَٔلۡ مَنۡ أَرۡسَلۡنَا مِن قَبۡلِكَ مِن رُّسُلِنَآ أَجَعَلۡنَا مِن دُونِ ٱلرَّحۡمَٰنِ ءَالِهَةٗ يُعۡبَدُونَ ﴿45﴾

(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сиздан илгари юборган пайғамбарлардан сўраб (яъни, улар келтирган диний таълимотларни ўрганиб) боқинг-чи, Биз Раҳмондан (яъни, Ўзимиздан) ўзга ибодат қилинадиган «илоҳ»лар қилганмиканмиз?! (Йўқ, барча пайғамбарлар ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват этгандирлар)!

43:46

وَلَقَدۡ أَرۡسَلۡنَا مُوسَىٰ بِـَٔايَٰتِنَآ إِلَىٰ فِرۡعَوۡنَ وَمَلَإِيْهِۦ فَقَالَ إِنِّي رَسُولُ رَبِّ ٱلۡعَٰلَمِينَ ﴿46﴾

Аниқки, Биз Мусони Ўз оят-мўъжизаларимиз билан Фиръавн ва унинг одамларига юбордик. Бас, у: «Албатта мен барча оламлар Парвардигорининг пайғамбаридирман», деди.

43:47

فَلَمَّا جَآءَهُم بِـَٔايَٰتِنَآ إِذَا هُم مِّنۡهَا يَضۡحَكُونَ ﴿47﴾

Энди қачонки у Бизнинг оят-мўъжизаларимизни уларга келтиргач, баногоҳ улар у (мўъжизалар устидан) кула бошладилар.

43:48

وَمَا نُرِيهِم مِّنۡ ءَايَةٍ إِلَّا هِيَ أَكۡبَرُ مِنۡ أُخۡتِهَاۖ وَأَخَذۡنَٰهُم بِٱلۡعَذَابِ لَعَلَّهُمۡ يَرۡجِعُونَ ﴿48﴾

Биз уларга (тўфон, чигиртка балолари каби азоб оятларидан) бирон оят кўрсатсак, албатта у (ўзидан аввалги) шеригидан улуғроқ-даҳшатлироқ оят бўлур эди. Шояд (куфрдан иймонга) қайтсалар, деб Биз уларни (турли) азоб билан ушладик.

43:49

وَقَالُواْ يَـٰٓأَيُّهَ ٱلسَّاحِرُ ٱدۡعُ لَنَا رَبَّكَ بِمَا عَهِدَ عِندَكَ إِنَّنَا لَمُهۡتَدُونَ ﴿49﴾

Улар (Бизнинг оятларимизни кўришгач, Мусога): «Эй сеҳргар, сенга берган (дуойингни мустажоб қилиши хусусидаги) ваъдаси ҳаққи-ҳурмати Парвардигорингга бизлар учун дуо қил. (Агар У сенинг дуойинг сабабли бизлардан бу азобларни аритса) албатта бизлар ҳидоят топгувчидирмиз (яъни, ўша Аллоҳга иймон келтиргувчидирмиз)», дедилар.

43:50

فَلَمَّا كَشَفۡنَا عَنۡهُمُ ٱلۡعَذَابَ إِذَا هُمۡ يَنكُثُونَ ﴿50﴾

Энди қачонки Биз (Мусонинг дуоси шарофати билан) улардан азобни аритсак, баногоҳ улар (ўз аҳдларини) буза бошладилар.

43:51

وَنَادَىٰ فِرۡعَوۡنُ فِي قَوۡمِهِۦ قَالَ يَٰقَوۡمِ أَلَيۡسَ لِي مُلۡكُ مِصۡرَ وَهَٰذِهِ ٱلۡأَنۡهَٰرُ تَجۡرِي مِن تَحۡتِيٓۚ أَفَلَا تُبۡصِرُونَ ﴿51﴾

Ва Фиръавн ўз қавмига жар солиб, деди: «Эй қавмим, Миср подшоҳлиги ва мана бу остимдан оқиб турган дарёлар менинг (мулким) эмасми?! Ахир кўрмаяпсизларми?!

43:52

أَمۡ أَنَا۠ خَيۡرٞ مِّنۡ هَٰذَا ٱلَّذِي هُوَ مَهِينٞ وَلَا يَكَادُ يُبِينُ ﴿52﴾

Балки мен мана бу хор бўлган ва (ўз мақсадини) очиқ баён қила олмайдиган кимсадан (яъни, Мусодан) яхшироқдирман?!

43:53

فَلَوۡلَآ أُلۡقِيَ عَلَيۡهِ أَسۡوِرَةٞ مِّن ذَهَبٍ أَوۡ جَآءَ مَعَهُ ٱلۡمَلَـٰٓئِكَةُ مُقۡتَرِنِينَ ﴿53﴾

Бас, унга (Мусога осмондан худди подшоҳларнинг бўйнига гулчамбар ташланганидек) олтиндан бўлган билагузуклар ташланганида эди ёки у билан бирга фаришталар ҳамроҳ бўлиб келганида эди (унинг пайғамбарлигига ишонсанглар бўлар эди. Ундоқ бўлмагач, нега унга иймон келтирасизлар)?!»

43:54

فَٱسۡتَخَفَّ قَوۡمَهُۥ فَأَطَاعُوهُۚ إِنَّهُمۡ كَانُواْ قَوۡمٗا فَٰسِقِينَ ﴿54﴾

Бас, у ўз қавмини тезлатган эди, улар унга итоат этдилар. Дарҳақиқат, улар фосиқ қавм эдилар.

43:55

فَلَمَّآ ءَاسَفُونَا ٱنتَقَمۡنَا مِنۡهُمۡ فَأَغۡرَقۡنَٰهُمۡ أَجۡمَعِينَ ﴿55﴾

Энди қачонки улар Бизни дарғазаб қилишгач, Биз улардан интиқом олдик — уларнинг барчаларини (денгизга) ғарқ қилиб юбордик.

43:56

فَجَعَلۡنَٰهُمۡ سَلَفٗا وَمَثَلٗا لِّلۡأٓخِرِينَ ﴿56﴾

Бас, уларни кейингилар учун ўтмиш-ибрат ва мисол қилиб қўйдик.